Иқтисодиёт | 09:19
581
2 дақиқада ўқилади

Лиепая ва Клайпеда портлари орқали ўзбек маҳсулотлари Европага етказилиши мумкин

Андижон вилоятининг йирик тўқимачилик корхоналари раҳбарларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Латвия ва Литвага амалий ташриф билан борди. Ташриф доирасида Лиепая ва Клайпеда портлари орқали ўзбек маҳсулотларини Ғарбий ва Шимолий Европага ўз вақтида етказиб бериш, шунингдек, узлуксиз логистика учун омборхоналар ташкил этиш имкониятлари ўрганилди.

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистон экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада тарғиб қилиш мақсадида Андижон вилоятининг йирик тўқимачилик корхоналари раҳбарларидан иборат делегациянинг Латвия ва Литвага ишчи ташрифи амалга оширилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Ташриф доирасида элчихона томонидан бизнес-форум, тадбиркорлар ўртасида B2B форматида икки томонлама учрашув ва музокаралар ташкил этилди. Учрашувларда Латвия бизнес вакиллари Андижон вилояти тўқимачилик соҳаси маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди.

Музокаралар давомида логистика йўналишларини оптималлаштириш, барқарор етказиб беришни таъминлаш ҳамда ўзбек маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатларининг етакчи савдо майдонларига чиқариш масалалари муҳокама қилинди. Мезбон томон вакилларига Ўзбекистоннинг инвестицион ва саноат салоҳиятига доир презентация материаллари, шунингдек, тўқимачилик корхоналарининг батафсил маҳсулот каталоглари тақдим этилди.

Шунингдек, Латвиянинг Лиепая ва Литванинг Клайпеда порт шаҳарларига ташриф давомида делегация вакиллари ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Ғарбий ва Шимолий Европага ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш ҳамда узлуксиз логистика учун омборхоналар ташкил этиш имкониятларини ўргандилар.

Ташриф якунида Рига шаҳрининг марказий туманларида тўртта ихтисослаштирилган ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари шоу-руми, Вилнюс шаҳрида эса битта шоу-рум очилди. Қайд этилишича, сафари якунлари бўйича тарафлар ўртасида қиймати 10 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид