09:17 / 18.03.2019
10178

Товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой ҳамда Россияга экспорт қилинмоқда

Фото: AFP

2019 йил январь-февраль ойида экспорт ҳажми 3,03 млрд долларга (ўсиш суръати 20,4%) тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилмоқда.

Экспорт таркибида товарлар 86,6% улушга эга бўлиб, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (16,0%), тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари (7,5%), озиқ-овқат маҳсулотлари (4,2%), шунингдек, қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (1,4%), рангли металлар ва ундан тайёрланган буюмлар (4,6%) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Олтин ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда, жами товар ва хизматлар экспорти 1,80 млрд долларни ташкил этиб, 45,3%га ўсди. 

Товар ва хизматлар экспорти динамикаси таҳлилига кўра, 2019 йилнинг январ-февраль ойи мобайнида экспорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 500,9 млн долларга кўп экспорт қилинди ва 2,62 млрд долларни ташкил этди. Хизматлар экспорти эса 407,3 млн долларга етган. 

Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 29,1%ини ташкил қилади. Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясига экспорт қилинаётган товарлар таркибига назар ташланса, асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳларидан иборат эканлигини кўриш мумкин. 

Хизматлар экспорти ҳажми 407,3 млн долларни ёки жами экспорт ҳажмининг 13,4%ини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,3%га ўсганлиги кузатилди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши туризм хизматлари, транспорт хизматлари, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари ҳамда молиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келади. 

2019 йилнинг январь-февраль ойида жами 175,3 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари 86,4 млн долларга экспорт қилинди (ўсиш суръати - 87,3%). Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт таркибига қаралса, 2019 йилнинг январь-февраль ойида 135,4 минг тонна сабзавотлар 44,6 млн долларга ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71,8 минг тоннага кўп миқдорда экспорт қилинган. 

Бундан олдин, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси маълум қилинганди.

Top