Жаҳон | 08:16
655
3 дақиқада ўқилади

Топ-10: дунё савдосида энг катта улушга эга давлатлар

Жаҳон савдо ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда Хитой ва АҚШ глобал савдодаги етакчиликни сақлаб қолди. АҚШ дунёнинг энг йирик импортчиси бўлган бўлса, Хитой экспорт ҳажми бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Фото: REUTERS

Visual Capitalist томонидан Жаҳон савдо ташкилоти маълумотлари асосида тайёрланган инфографикада 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик импортёр ва экспортёр давлатлари кўрсатилди.

Тадқиқот замонавий таъминот занжирлари қай даражада ўзаро боғланганини ҳам намоён этди. Бугунги кунда кўплаб давлатлар хомашё ва бутловчи қисмларни импорт қилиб, улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради ва жаҳон бозорларига экспорт қилади.

2025 йилда АҚШ энг йирик импортчи мақомини сақлаб қолди. Мамлакатга импорт қилинган товарлар ҳажми 3,5 триллион долларни ташкил этди. АҚШ электроника, автомобиллар, саноат ускуналари, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларнинг энг йирик харидорларидан бири бўлиб қолмоқда.



Импорт ҳажми бўйича иккинчи ўринни 2,6 триллион доллар билан Хитой эгаллади. Германия эса 1,5 триллион долларлик импорт кўрсаткичи билан учинчи ўриндан жой олди.

Экспорт йўналишида эса Хитой яна дунё етакчиси бўлди. Мамлакат 2025 йилда жаҳон бозорларига 3,8 триллион долларлик маҳсулот етказиб берган. Бу кўрсаткич мамлакатнинг улкан саноат базаси ва юқори ишлаб чиқариш қувватлари билан изоҳланади.

АҚШ 2,2 триллион долларлик экспорт билан иккинчи, Германия эса 1,8 триллион доллар билан учинчи ўринни эгаллади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, энг йирик экспортчилар одатда энг йирик импортчилар қаторига ҳам киради. Чунки замонавий ишлаб чиқариш тизими хомашё ва компонентларни импорт қилиш, сўнгра тайёр маҳсулотни экспорт қилиш тамойилига асосланган.

Рейтингда нисбатан кичик иқтисодиётга эга давлатлар ҳам юқори ўринларни қайд этди. Хусусан, Нидерландия Европага киришдаги асосий савдо дарвозаларидан бири сифатида ривожланган порт ва логистика инфратузилмаси ҳисобига юқори натижа кўрсатган.

Ҳонгконг ҳам халқаро савдода муҳим ўринни сақлаб қолмоқда. Унинг экспорт маҳсулотларининг 40 фоиздан ортиғи материк Хитойга йўналтирилади.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳам энг йирик экспортёрлар ўнталигига кирди. Мамлакат 707 миллиард долларлик экспорт ҳажми билан тўққизинчи ўринни эгаллади. Мутахассислар бу натижани БААнинг нафақат йирик энергия экспортчиси, балки Осиё, Европа ва Африкани боғловчи муҳим савдо маркази сифатидаги ўрни билан изоҳламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид