Жаҳон | 11:19 / 20.03.2019
71390
3 дақиқада ўқилади

Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон президенти лавозимига киришди

Фото: Sputnik/РИА «Новости»

Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси Қосим-Жомарт Тоқаев қасамёд келтирди ва мамлакат президенти лавозимига киришди.

Тадбир парламент палаталари қўшма йиғилишида бўлиб ўтмоқда.

«Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Қозоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Қозоғистон Республикаси президентига юклатилган юксак вазифаларни виждонан бажаришга тантанали равишда қасамёд қиламан», - деди Тоқаев.

Бундан олдин, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз ваколатларини топширганди. Бу ҳақда у 19 март куни телевидение орқали миллатга махсус мурожаатида эълон қилди.

«Мен президент сифатидаги ўз ваколатларимни тугатишга қарор қилдим. Бу йил энг олий лавозимни эгаллаб турганимга 30 йил тўлади. Халқ менга мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти бўлиш имкониятини берди», — деди Нурсултон Назарбоев жонли эфирга намойиш этилган мурожаатида. 

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. У умрининг охирига қадар шу лавозимда қолиши мумкин. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси Қозоғистон парламенти томонидан 2018 йил май ойида қабул қилинганди.

У шунингдек, «Нур-атан» партияси раҳбари, мамлакат конституциявий кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Шу тариқа, мустақил Қозоғистон тарихида илк марта президент ўзгарди.

Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаев 1953 йил 17 май куни Олмаотада туғилган, Қозоғистон давлат арбоби, сиёсий фанлар доктори, собиқ бош вазир (1999—2002), Сенат раиси (16 октябрь 2013 йилдан). 

1975 йилда СССР ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро алоқалар институтини битирган. 1975-1979 йилларда - СССРнинг Сингапурдаги элчихонаси ходими, 1979 йилдан 1985 йилгача СССР Ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. 1985-1991 йилларда СССР ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик Академиясида таҳсил олган. 1992-1994 йиллар - Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, 1994-1999 йиллар - ташқи ишлар вазири, 1999-1999 йиллар - бош вазир ўринбосари, 1999-2002 йиллар - бош вазир, 2002-2007 йиллар - ташқи ишлар вазири, 2007-2011 - Сенат раиси, 2011-2013 - БМТ бош котибининг ўринбосари – Женевадаги ваколатхонаси раҳбари, 2013 йилдан яна Сенат раиси. Рус, француз, инглиз ва хитой тилларини билади.

Мавзуга оид