Спорт | 16:06 / 21.03.2019
2862
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Россия: киберспортни ривожлантириш янги босқичга олиб чиқилади

Фото: Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси

Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси президенти Азизбек Паттахов ва Россия компьютер спорти федерацияси вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.

Федерация президенти Россия компьютер спорти федерацияси президенти Дмитрий Смит билан биргаликда киберспортни ривожлантириш, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш, дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш ва ҳамкорликда турнирлар ташкил этиш тўғрисида икки томонлама меморандум имзолади.

Шунингдек, музокаралар чоғида ҳамкорлик доирасида қилинадиган амалий ишлар тўғрисида ҳам бир неча таклифлар берилди. Ҳар икки мамлакатнинг киберспортдаги салоҳиятини ошириш ва халқаро майдонлардаги баҳсларга биргаликда ҳозирлик кўриш, нафақат терма жамоа аъзолари, балки, академия тарбияланувчиларини халқаро даражадаги мусобақаларга тайёрлаш, икки томон келишувига кўра, ўртоқлик учрашувлари ва халқаро турнирлар ташкиллаштириш ва ўтказишда тажриба алмашиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Нафақат Ўзбекистон ва Россияда, балки МДҲ мамлакатларида ҳам киберспорт оммавийлигини ошириш ва ушбу мамлакатлар ўртасида йирик халқаро мусобақаларни Тошкентда ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Esports Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган ушбу таклифни россиялик мутасаддилар ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Музокаралар жараёнида киберспортни аёллар ўртасида ҳам оммалаштириш ва уларни ушбу спорт турига жалб этиш бўйича ҳам келишувлар амалга оширилди.

Шунингдек, дастурий таъминот воситаларини яратиш бўйича киберспорт ўйинларини ишлаб чиқиш дастури ҳам кун тартибига киритилди. Ўйинлар яратиш жараёнида россиялик дастурчилар билан тажриба алмашиш ва ушбу ўйинларнинг оммалашувида Россия компьютер спорти федерацияси ҳам имкон қадар амалий ёрдам бериши мумкинлиги таъкидланди.

Россиялик мутахассис ва муҳандисларнинг улкан тажрибасидан фойдаланиш ва ўзаро фикр алмашган ҳолда, юртимизда замонавий, қулай ва киберспорт ривожи йўлида узоқ йиллар хизмат қилувчи йирик киберспорт ареналарини бунёд этиш мавзусида ҳам келишувларга эришилди. Ташриф чоғида делегациямиз вакиллари МДҲ мамлакатлари орасида энг муҳташам киберспорт ареналаридан бири саналган «Yota Arena»да ҳам бўлиб, аренанинг иш фаолияти, ҳамда, шарт-шароитлари билан танишишди.

Фото: Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси

Россия компьютер спорти федерацияси президенти Дмитрий Смит Россиянинг ҳозирда киберспортда қайд этаётган натижалари ортида бир неча босқичдан иборат бўлган стратегик зинапоялар бўлганлиги ва шу босқичлар қай тарзда босиб ўтганини таъкидлар экан, бу борада юртимиз киберспорти ривожи йўлида ўз ёрдам ва маслаҳатларини аямаслигини қўшимча қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид