Жамият | 10:48 / 21.03.2019
16330
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги сайилгоҳ фойдаланишга топширилади

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасидан Тараққиёт кўчаси бўйлаб то Келес йўли кўчасигача бўлган “Дамаши” каналининг қирғоқ бўйи ҳудудида “Сой бўйи” сайилгоҳини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бош прокуратура ва пойтахт ҳокимлиги ташаббусидаги лойиҳага мувофиқ, сайилгоҳ ҳудудида аҳолининг дам олиши ва сайл қилиши учун мўлжалланган кўнгилочар хиёбонлар ташкил этилади, умумий овқатланиш шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари қурилади. 

Билдирилишича, нуронийлар учун алоҳида маскан, кутубхона, дунёга машҳур иншоотларнинг кичик макетлари ҳамда ўзига хос меъморий ечимга эга бошқа бунёдкорлик намуналари ҳам ижтимоий аҳамиятга эга бўлади.

Бундан олдин, Тошкентдаги каналлар бўйида 12 та сайилгоҳ ташкил этилиши, бунга 190 млрд сўмга яқин маблағ йўналтирилиши хабар қилинганди.

Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2019 йилда Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид