Дунёни ҳайратга солган ерости меҳмонхонаси ҳақида 15 та факт
Бу меҳмонхона очилиши биланоқ ҳақиқий кутилмаган ҳодисага айланди. Бунинг сабаби, унинг хоналари ердан пастда жойлашган. Бироқ InterContinental Shanghai Wonderland бошқа сюрпризларга ҳам бой. Улар ҳақида суҳбатлашамиз.
1. Мегаполисдан 30 км узоқликдаги қулай жойлашув
Қурилишни бошлашдан аввал меҳмонлар бу жойга қандай етиб келишини ўйлаш керак. Йўл барча сайёҳлар учун қулай бўлиши лозим. Одатда йирик сайёҳлик объектлари буни олдиндан режалаштиришади, Shanghai Wonderland ҳам бундан мустасно эмас. Меҳмонхона Шанхайдан 30 км узоқликда жойлашган. Шундай қилиб, бу ерда қоладиган меҳмонлар ҳар куни мегаполисга боришлари, Шанхай аҳолиси эса дам олиш кунларини ушбу меҳмонхонада ўтказишлари мумкин.
2. Хоналар нархи 576 доллардан бошланади
Ҳозирги кунда меҳмонхона хоналарининг аниқ белгиланган нархи йўқ. Агрегатор сайтлар маълумотларига кўра, нарх 4000 хитой юанидан бошланади, бу суткасига 576 долларни ташкил қилади. Шанхай ташқарисида жойлашган бошқа меҳмонхоналарда бу кўрсаткич битта тунни ўтказиш нархи 100 дан 300 долларгача экани ҳисобга олинса, бу анча қиммат.
3. Меҳмонхонанинг бир нечта номи бор
Расмий номи InterContinental Shanghai Wonderland ёки «Шанхай мамлакат мўъжизаси» бўлишига қарамай, у бошқа номлар билан танилган. Улар орасида Tianma Pit, Shimao Quarry, Songjiang Shimao ва Pit Pegasus меҳмонхонаси каби номлар мавжуд.
4. Қурилиш 10 йил давом этган
Аксарият меҳмонхоналарни қуриш учун 2-3 йил талаб этилади. Бироқ Shanghai Wonderland қурилишига 10 йил кетди. Қурилиш бундай секин суръатларда боришининг сабаби унинг luxury сегментига тегишли эканида эмас. Илгари дунёда бундай иншоот қурилмаган. Бирламчи режалаштиришдан кейин 2006 йилда лойиҳани амалга ошириш учун 5 минг архитектор, муҳандис, дизайнер ва ишчилар ёлланди. Бундан ташқари, иш жараёни давомида турли инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишга тўғри келди.
5. Янги меҳмонхонани лойиҳалаштирган компания Дубайдаги «Бурж ал Араб» муаллифи саналади
Shanghai Wonderland Хитойда қурилганига қарамай, лойиҳа Британиянинг Atkins компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Бу ном сиз учун ҳеч нимани англатмаса, Atkins томонидан қурилган объектларни билсангиз керак.
Масалан, Дубайдаги Burj Al Arab Hotel. Бино елкан шаклида, сунъий оролга қурилган. Қизиқ, Atkins’нинг кейинги объекти қандай бўларкин?
6. 151 млн доллар — қурилишнинг рекорд даражали қиймати
Илгари Shanghai Wonderland учун мисол тариқасида келтириш мумкин бўлган меҳмонхона мавжуд эмаслиги сабабли Atkins компанияси ва Шанхайнинг Shimao гуруҳи бир неча муаммоларга дуч келишди. Масалан, ягона жавобга эга бўлмаган савол: 77 метрлик чуқурга бетон қуйиш керакми ёки ўранинг ўзида қум ва цемент қоришмасини тайёрлаш талаб этиладими? Бу муаммони ҳал қилишганига қарамай, иш ҳар иккала компанияга 1 миллиард юанга ёки 151 миллион долларга тушди.
7. Геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланилади
Ҳозирда архитектурада кенг тарқалган жиҳатлардан бири – экологик хусусият. Бу нафақат одамнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳақида хабардорликнинг ортиши сабабли, балки энергиянинг мақбул шаклларидан фойдаланиш имконини берувчи технологиялар мавжудлиги сабаб оммалашмоқда.
8. Энергия жиҳатидан самарадор «яшил» том
Экологик тоза дизайннинг бир қисми сифатида Shanghai Wonderland томи тўлиқ яшил ўтлар билан қопланган. Бунинг энергияга қандай алоқаси бор дерсиз? Бироқ ўсимликлар муайян мақсад билан ўтқазилган. Яъни бино энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, жала вақтида ортиқча сувни ўзига сингдириш.
9. Биринчи қават сўнгги қават бўлганида…
Лойиҳа муаллифлари ер остида кўпроқ қаватни жойлаштириш учун анча тер тўкишди. Яна сунъий кўл учун ҳам алоҳида жой ҳозирлаш ва уни жиҳозлаш керак. Шундай қилиб, меҳмонхонанинг юқори қавати биринчи қаватда, қолганлари эса ер ва сув остида жойлашди.
10. Ерости сув спорти турлари маркази очилади
Маъмурият сўзларига кўра, меҳмонхонада сув спортининг ерости маркази ишга туширилади. Бу нимани англатиши ҳали тўлиқ маълум қилинмаган. Одатда бундай муассасаларда сузиш, дайвинг ва каякинг учун шароитлар яратилади.
11. Меҳмонлар меҳмонхонадан чиқмасдан тарзанкадан сакрашлари мумкин
Сув спортини хушламайдиганлар учун Shanghai Wonderland’да бошқа спорт турлари билан шуғулланиш имкони мавжуд бўлади. Меҳмонхона 80 метр чуқурликда жойлашгани сабабли банжи-жампинг ва тоққа чиқиш учун имконият мавжуд. Аҳамиятлиси, бу ерда ҳамма нарса табиий. Яна бундай чуқурликда тарзанкадан ҳам сакраш мумкин. Меҳмонхонада пиёдалар йўлакчаси ҳам ётқизилган. У шишадан ишланган.
12. Сунъий шаршарага олиб борувчи зинапояли йўл.
Шишали йўлакчадан юришдан қўрқадиганлар учун яна бир йўл ётқизилган. Суратига қараб унинг металдан ишланганини айтиш мумкин.
13. Ичкарида яна бир шаршара бор
Биринчисидан фарқли равишда уни ҳақиқийсидан ажратиб бўлмайди. У интерьернинг бир қисми ҳисобланади ва яхлит дизайнга жуда мос тушган.
14. Ҳар бир хонадаги айвон фақат сувнинг остидагина эмас
Меҳмонхона маъмурияти ҳар бир хонада айвон борлигини таъкидламоқда. Бу анча «юқорида» жойлашган хоналарга тегишли бўлса керак. Чунки сув остидагиларида айвон бўлмаслиги аниқ.
15. Меҳмонлар хизматга 10 дан 7,5 баҳосини беришган
Меҳмонхона ноябрь ойидан бери ишлаётгани учун агрегатор сайтларда илк фикрлар ҳам пайдо бўлди. Меҳмонхонанинг умумий баҳоси 10 дан 7,5 ни ташкил қилмоқда. Меҳмонлар яшаш учун қулайликни юқори баҳолашмоқда. Ташрифчилар инглиз тилида сўзлашувчи ходимларнинг йўқлиги, розеткага ўтказувчиларнинг етишмаслигидан шикоят қилишмоқда. Шунингдек, ресторандаги овқатлар хилма-хил ва арзонроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Меҳмонларни бино конструкцияси, шунингдек, ҳар куни кечки пайт уюштириладиган лазершоу энг кўп ҳайратга солмоқда.
Мавзуга оид
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
23:10 / 24.10.2024
2024 йилда чет элга саёҳатга борган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди
11:00 / 09.10.2024
Америкалик аёл бор мулкини сотиб, орзусидаги саёҳатга чипта олганди. Аммо унга кемага чиқиш тақиқланди
16:26 / 08.10.2024