Light | 15:26 / 25.03.2019
60215
6 дақиқада ўқилади

30 йил аввал ушбу етти мегаполисни танимаган бўлардингиз

Сайёрамиздаги кўплаб шаҳарлар сўнгги 30 йил ичида нафақат «катта бўлишди» ёки «ёшаришди», балки таниб бўлмас даражада ўзгариб, янги қиёфага эга бўлишди. Сиёсий режимнинг ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, урбанизациянинг жадал ривожланиши, буларнинг бари Дубай, Ҳонгконг, Сингапур ва бошқа мегаполислар батамом бошқача кўринишга эга бўлишига олиб келди.

Мазкур шаҳарларни ривожланиш ўзгартиргунига қадар қандай кўринишда бўлганини ёдга оламиз.

Дубай

Дубай урбанистик тараққиётнинг жадал суръатини акс эттиради. У саҳрода ўсиб, сўнгги ўн йиллар ичида ўзгача қиёфага кирди. БААнинг йирик шаҳри бир неча дунё рекордларига эга. Масалан, бу ерда дунёдаги энг баланд бино (Бурж Халифа, 828 м), энг катта сунъий архипелаг – Пальма ороллари, йирик савдо маркази Dubai Mall жойлашган.

Дубай инфратузилмаси дунёдаги энг қулайларидан ҳисобланади. Шаҳар аҳолиси ҳар йили тобора ўсиб бормоқда, ҳозирда 2,5 миллион кишини ташкил қилади. Сайёҳлар оқими ҳам ортмоқда.

Дубайдаги ўзгаришлар янги архитектура сабабли яққол намоён бўлади.

Сайёҳлар Дубайни пляжлари, хавфсизлиги, хилма-хил ошхонаси, шопинг, шунингдек тоғ чанғиси сабаб яхши кўришади. Скай Дубай – Яқин Шарқда қурилган том остидаги тоғ чанғиси дам олиш масканидир.

Шанхай

Замонавий Хитой шаҳарлари жуда тез янгиланмоқда. Шанхай – аҳоли сони бўйича йирик шаҳар, унда 26 миллиондан ортиқ киши яшайди.

Сўнгги 30 йил ичида у таниб бўлмас даражада ўзгарди. Шаҳар иқтисодиёт, архитектура ва туризм соҳаларида ривожлана бошлади.

Бугун урбанистик ривожланиш асосан турар-жой мажмуалари доирасида яшил ҳудудлар ва боғларни яратишга йўналтирилган.

Шунингдек, бу ерда Хитойдаги энг баланд ва баландлиги бўйича дунёда иккинчи ўриндаги бино – Шанхай минораси жойлашган.

Сингапур

Жануби-шарқий Осиё оролларидаги шаҳар-давлат 1965 йилда Малайзиядан мустақил бўлган. Ўша вақтда Сингапур кичик қашшоқ мамлакат бўлиб, ҳатто тоза сув ва қурилиш материали қумни ҳам импорт қилишига тўғри келган.

Ҳукумат Сингапурни Жануби-шарқий Осиёдаги молиявий ва савдо марказига айлантиришни мақсад қилди. XX асрнинг охирига келиб сиёсатчиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли улардан бирига айланди. Сўнгги маълумотларга кўра, шаҳар-давлатда ҳозир олти миллионга яқин киши яшайди.

Сингапур сайёҳларни тоза экологияси, маданий ва тарихий меросни сақлаш дастурлари билан ўзига жалб этади. Жиноятчилик даражаси – дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири.

Ҳонконг

Ҳонконг — ХХРнинг махсус маъмурий райони. Осиё ва бутун дунёнинг илғор молиявий марказларидан бири. Цзюлун ярим ороли, шунингдек 260 дан ортиқ оролда жойлашган.

Хитойнинг бу райони ўзининг валютаси – ҳонконг доллари ва инглиз ҳуқуқи нормаларига асосланган шахсий ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд тизимига эга. Ҳонконг 1842 йилдан бошлаб Британия мустамлакаси бўлган. 1997 йилдагина Хитой бу ҳудуд устидан суверенитетни қўлга киритди. Расмий тиллар – хитой тилининг кантонча лаҳжаси ва инглиз тили.

Ҳозирда Ҳонконгда 7,5 миллионга яқин киши яшайди. У дунёдаги аҳолиси энг зич жойлашган шаҳар. Шунингдек у ўзининг олтин ва валюта бозори, савдо, саноат ва киносаноати билан донг қозонган. Бундан ташқари, Хитойнинг бу районида катталиги бўйича дунёда учинчи ўринда бўлган порт жойлашган.

Найроби

Кения пойтахти, Шарқий Африкадаги энг катта шаҳар, экватор яқинида жойлашган. Найроби аҳолиси уч миллиондан ортиқ.

Шаҳарда кўплаб халқаро компания ва ташкилотлар, жумладан БМТнинг айрим органлари жойлашган. Шу билан бирга, Кения пойтахти – дунёнинг энг хавфли шаҳарларидан бири. Бу ерда қуролли талончилик ва машиналарни олиб қочиш даражаси юқори.  Сайёҳларга қимматли буюмларни кўринарли жойда сақламаслик, кечки пайт шаҳарнинг марказий қисми бўйлаб юрмасликни маслаҳат беришади.

Бироқ айрим диққатга сазовор жойлар шаҳарга сайёҳларни жалб қилади. Биринчи навбатда бу Найроби Миллий боғи. Бу қўриқхонада 400 дан ортиқ ҳайвон ва қушлар, жумладан, шер ва жирафалар яшайди.

Форталеза

Бу Бразилиянинг йирик шаҳарларидан бири, Сеара штатининг пойтахти. Шаҳар Атлантика қирғоғида жойлашган. XX асрда Форталеза қишлоқ аҳолиси кўчиб келгани сабаб тезда кенгая бошлади. 70-йилларнинг охирига келиб шаҳар йирик саноат агломерациясининг марказига айланди.

Ҳозир Форталезада 2,5 миллиондан ортиқ киши яшайди. Шаҳар иқтисодиётининг асосини савдо, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаси ташкил қилади. У Бразилиядаги асосий сайёҳлик йўналишларидан бири. Меҳмонларни тунги ҳаёт, океан пляжлари, шопинг, кўргазма ва конференциялар ўзига жалб этади.

1994 йилда чиққан «Тропиканка» сериали воқеалари асосан Форталезада бўлиб ўтади.

Шэньчжэнь

Шэньчжэнь Жанубий Хитой денгизининг қирғоқларидаги Гуандун провинциясида жойлашган. 30 йил илгари бу ерда балиқчилар қишлоқлари бўлган. Ҳозир эса у Хитойнинг саноат, молия ва транспорт маркази. Шэньчжэнь аҳолиси барқарор ўсиб бормоқда ва ҳозирда 12 миллиондан ортиқ кишини ташкил қилади.

Бугунги кунда шаҳар – мамлакатда экспорт ҳажми бўйича энг йирикларидан. Мегаполис янги технология ва бизнесни юритиш маданияти майдонига айланиб, инвестицияларни жалб этмоқда.

Шэньчжэнь сайёҳлар орасида ўзининг баланд архитектураси, мавзули боғлари билан машҳур. 2008 йилда ЮНЕСКО уни «Ижодий дизайн шаҳри» деб танлади.

Шэньчжэнь Жануби-шарқий Осиёнинг Кремний водийси мавқеини қўлга киритган, у электроника ишлаб чиқариш бўйича дунё маркази саналади. Масалан, бу ерда iPhone ва iPad ишлаб чиқарилади.

Мавзуга оид