23:21 / 25.03.2019
12723

“Ўргимчак одам” хайрли иш учун 185 метрлик бинога кўтарилди

Франциялик таниқли алпинист, осмонўпар иншоотларни забт этиш иштиёқи учун “франциялик ўргимчак одам” деб ном олган Ален Робер Париждаги 4-рақамли энг баланд бино – Engie’га эҳтиёт мосламасисиз яна кўтарилди.

AFP нашрининг ёзишича, 56 ёшли Робернинг бу акцияси мамлакат учун анча муҳим муаммо – Париж Авлиё она ибодатхонасини тиклашга эътиборни қаратишга чорланган.

“Бу француз мероси барбод бўлиб бормоқда”, деб айтган Робер 185 метрлик бинога кўтарилгач. Унга бунинг учун 45 дақиқа кифоя қилган.

“Ўргимчак одам”нинг айтишича, Нотр-Дам де Парини тиклашга 150 млн евро маблағ зарур. Айнан шунча маблағни Франция ва хорижда хомийлар қидираётган фаоллар ҳисоблаб чиқишган.

“Ален Робер биз билан боғланмади, биз ундан бирор нарса сўрамадик, аммо бу акция бизга ёрдам бериши мумкин”, деб айтилган Нотр-Дам де Пари дўстлари жамиятида.

Робер Engie биносига 2018 йил ҳам кўтарилган. Умуман олганда, француз томонидан забт этилган бинолар орасида Куала-Лумпурдаги Петронас миноралари, турли давлатлардаги банклар офислари, Москвадаги МГУ бош биноси ва ҳаттоки дунёдаги энг баланд бино – Дубайдаги “Бурж-Ҳалифа” бор.

Top