Жаҳон | 08:51 / 26.03.2019
12375
2 дақиқада ўқилади

Исроил авиацияси ҲАМАС етакчиси офисини буткул вайрон қилди 

Фото: The Mossad

Исроил авиацияси 25 март куни ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Ғазодаги офисига ракета зарбаси берди. Бу ҳақда Фаластиннинг “Маън” ахборот агентлиги ҳамда Исроил армияси маълум қилди. 

Маълумотларга кўра, дронлар ёрдамида ўққа тутиш натижасида ХАМАС етакчиси маъмурий биноси буткул вайрон бўлган. Бундан ташқари, ХАМАСнинг қуролланган қаноти “Иззаддин ал-Қассам бригадалари” позициялари ҳам ҳаводан ўққа тутилган. Яна бир ракета Ғазо шарқидаги уйга теккан. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.   

Исроил разведкаси “Моссад”нинг твиттердаги саҳифасида Ҳания офиси йўқ қилиниши видеоси жойлаштирилган.

Маълумотларга кўра, ракета ҳужуми олдидан аҳолининг зудлик билан эвакуация қилинишига сигнал бўлган разведкачи самолётларнинг огоҳлантирувчи зарбалари берилган. 

Исроил зарбаларига жавобан фаластин гуруҳлари Исроил ҳудуди томон камида 30 та ракета отган.

Ғазо атрофидаги вазият 25 март куни у ердан Исроил томон ракета отилиши сабабли яна кескинлашган. Ракета Исроилнинг марказий қисмидаги Мишмерет қишлоқ хўжалигидаги уйга теккан. Ҳужум оқибатида 7 нафар исроиллик, жумладан 3 нафар бола жабр кўрган. 

Исроил армияси бунга жавобан ҲАМАС позицияларига зарбалар бера бошлаган.

Мавзуга оид