18:19 / 30.03.2019
77883

Энг қиммат автомобилларга эга давлат раҳбарлари

Бугунги кунда автомобиллар ҳаракатланишнинг энг оммабоп воситасига айланиб улгурган. Кўпчилик харидорлар автомобиль харид қилганида кўриниши, тежамкорлиги, нархи ва оммабоплиги каби дастлабки талабларни ҳисобга олишади. Аммо давлат раҳбарларига хизмат қилувчи автомобилларга қўйиладиган талаблар бутунлай бошқача. Улар ҳашамат ва қудратни ифода этиши, ичидаги инсон учун барча қулайликларни тақдим этиши ҳамда энг муҳими юқори даражадаги хавфсизликни таъминлай билиши шарт. Ана шундай автомобиллар еттилиги билан танишиб кўрамиз.

7. Буюк Британия - Jaguar XJ Sentinel, қиймати 455 минг доллар

Буюк Британия бош вазирига хизмат қилувчи асосий автомобиль зирҳланган, 5,0 литрли V8 турбодвигателга эга. Кўплаб хусусиятлари махфий тутиладиган бу автомобиль кузови титан, кевлар каби қотишмалардан ишланган. Ойналари ўқ ўтказмайдиган машина кислород баллонларига ҳам эга ва газ ҳужумига ҳам бардош беради. Jaguar XJ Sentinel ичида тунги кўриш мосламаси мавжуд. Юқори сифатли экран махсус алоқа тизими орқали видеоконференция ўтказиш имконияти беради.

6. Таиланд - Лимузин Maybach 62, 500 минг доллар

Бу давлат қиролининг севимли автомобили кўплаб машиналар автопаркида алоҳида ўрин тутади. V12 двигатель ҳашамдор салон, юқори хавфсизлик, ажойиб кузов билан уйғунлашиб, қирол қудратининг рамзи сифатида ҳаракатланди.

5. Россия – Президент “Кортеж”и, аниқ қиймати маълум эмас, умуман яратилиш лойиҳасига 8 млрд рубль сарфланган.

Россия президенти учун мўлжалланган бу лойиҳа маҳсули бўлган “Кортеж” яратилиши учун жами дунё бўйлаб 130 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар иштирок этганлар. Лекин бу маҳсулот фақат президент учун хизмат қилмай, бош вазир, асосий меҳмонлар учун ҳам мўлжалланган. Ўта кучли зирҳ, ўқ ўтказмас ойналар каби стандарт хавфсизлик воситаларидан ташқари бу машинада ҳатто катапульта тизими ҳам жорий қилинган.

4. Ватикан - Mercedes-Benz M-класс, 525 минг доллар

Бир қарашда бу автомобиль оддий ўйинчоққа ўхшайди. Лекин ягона нусхада махсус ишланган бу машинанинг аҳамият жуда улкан. Маълумки Рим папаси кўп суиқасдга нишон бўлувчи инсонлар тоифасига киради. Бу автомобиль эса унга ўз ҳаёти учун хавфсирамаган ҳолда қавм орасига кириш, оммавий дуолар қилиш имконини беради. “Папамобиль” учун Ватикан ярим миллиондан ортиқ маблағни сарфлагани бежизга эмас.

3. Хитой - Hongqi Limousine, 802 минг доллар

Хитойда Hongqi лимузинининг обрўси баланд. “Қизил байроқ” деган маъно берувчи бу ном остидаги автомобилга 381 от кучига эга V8 двигатель ўрнатилган. Улкан вазнига қарамай унга 100 км/соат тезликка чиқиш учун 8 сония кифоя қилади. Максимал тезлиги 220 км/соат бўлган бу машинадан нафақат олий раҳбарият, балки кўпчилик бадавлат инсонлар ҳам фойдаланадилар.

2. АҚШ - Cadillac One, 1,5 млн доллар

АҚШ дунёнинг энг қудратли давлати бўлгани ҳолда унинг президенти хавфсизлигига ниҳоятда катта эътибор қаратилади. 80 йилдан буён президентлар учун машиналар тайёрлаб келаётган General Motors компаниясининг алоҳида лойиҳаси бўлган бу автомобиль ҳатто президентга мос қон намунасини ҳам сақлайди. Эшиклари қалинлиги 20 см лик бу воситанинг ичида барча қулайликлар мавжуд.

1. Англия қироличаси учун - Bentley State Limousine, 15,2 млн доллар

Дунёнинг энг қудратли давлати АҚШ бўлса ҳам унинг президенти қиролича машинасига ҳавас қилса арзийди. Сабаби қийматлардаги фарқ роппа-роса 10 баробарга тенг.

15 млн. долларлик Bentley State Limousine барча қулайликларни жамлагани ҳолда ҳашаматнинг яққол намунаси ҳамдир. Бренднинг 50-йиллигига ва қиролича учун махсус яратилган бу автомобилнинг яна бир нусхасини топиб бўлмайди. Энг қизиғи, кекса ёшига қарамай бу автомобилни ҳануз қироличанинг ўзи вақти-вақти билан бошқариб туради.

Маълумот учун: Буюк Британия ҳудудида зарур ҳужжатларсиз автомобилни бошқариш ҳуқуқига эга ягона шахс қироличадир.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top