Жаҳон | 08:07 / 01.04.2019
5050
2 дақиқада ўқилади

Жазоирда хусусий самолётларга мамлакатни тарк этиш тақиқланди – ОАВ

Фото: dankeschon.com.ua

Жазоир фуқаролик авиацияси бошқармаси барча хусусий самолётларга мамлакат аэропортларини тарк этишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда “Ал-Ватан” нашри хабар берди. 

“Бу жисмоний ва юридик шахсларга тегишли самолётларга ҳамда мамлакат жанубидаги нефть конларида ва бошқа аэропортларда қўлланувчи қурилмаларга тааллуқли”, деб ёзган нашр.

Жазоирнинг TSA ахборот портали маълумотларига кўра, тегишли кўрсатмалар мамлакатнинг барча аэропортларига 31 март куни тарқатилган. “Бу қарор ҳукумат томонидан коррупцияга ёки жорий сиёсий инқирозга алоқадорлик бўйича терговдан қочишга уринувчи фуқароларнинг мамлакатдан қочишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган чораларидан биридир”, деб айтилган хабарда.

Аввалроқ мамлакат президенти Абдулазиз Бутафлиқага яқин бўлган тадбиркор Али Ҳаддод мамлакат ташқарисига ўз автомобилида чиқиб кетмоқчи бўлганда Тунис билан чегарада ушланган. 

Жазоирда 82 ёшли Бутафлиқа соғлиғидаги муаммоларга қарамай 5-президентлик муддатига номзодини қўйиши қароридан кейин сиёсий инқироз авж олди.

Бутафлиқа 11 март куни тўхтамаётган норозилик намойишларига жавобан янги муддатга ўз номзодини илгари сурмаслигини эълон қилган ҳамда 18 апрелга белгиланган сайловларни кейинга қолдирилган ва ҳукумат истеъфосини қабул қилган. 

Мавзуга оид