13:53 / 02.04.2019
5966

Акция давом этмоқда: «Китоб менинг тақдиримда»

Қибрай туманидаги Чингелди маиший хизмат касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг  "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Қибрай туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилган "Китоб менинг тақдиримда" номли китоб ярмаркасидир. Ярмарка давомида тумандаги 48 та мактаб ва касб-ҳунар коллежларидан жами 400 нафар ўқувчи ва талабалар қатнашдилар.

Мазкур ярмаркада ўқувчи ва ўқитувчилар ота-оналари билан биргаликда фаол иштирок этиб, ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда турли хилдаги китобларни харид қилишди. Коллеж тарбияланувчилари ўртасида уларнинг бадиий асарларни қай даражада билишларини синаш учун ҳам танловлар ўтказилди, ғолиблар китоблар билан тақдирландилар.

Китоб ярмаркасидан сўнг сектор раҳбарлари тумандаги 14, 19 ва 38 мактаблардаги ўқувчиларга ўзларининг шахсий кутубхоналаридаги китоблардан  мактабларнинг кутубхоналарига  совға қилишди.

Айтиб ўтиш жоизки,туманда  оммавий тус олган бундай  китоб байрамлари ҳар йили ўтказиб келинмоқда ва бунда Қибрай туман ҳокимлиги ҳамда  сектор раҳбарлари фаол иштирок этишмоқда.

Top