Спорт | 20:00 / 02.04.2019
32507
5 дақиқада ўқилади

Келишилган ўйинлар можароси - ЎФА нимани яширмоқда?

Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг ахлоқ қўмитаси «Навбаҳор» клубининг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновни 50 миллион сўм жаримага тортди ва футболдаги фаолиятдан 5 йилга четлатди.

ЎФА сайти хабарига кўра, 40 ёшли мутахассис 2017 йилда «келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида «Навбаҳор»нинг бир қанча футболчиларини ўйинни сотишга ундаган».

Tribuna.uz манбаси маълумотига қараганда, Мўминжонов барча айбловларни инкор қилган ва ўзига қарши кўрсатма берганларни туҳматда айблаган.

ЎФА сайти хабарида Мўминжонов қайси футболчиларни ўйинни сотишга ундагани ҳақида маълумот йўқ. Аммо, «Сурхон» клубининг техник директори Шерзод Шарипов ахлоқ қўмитасига суриштирув жараёнида ёлғон кўрсатма бергани ва қўмитани қарор чиқаришда чалкаштиргани, шунингдек, «Сурхон» клуби сардори Дилшод Жабборов «Навбаҳор»нинг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновга келишилган ўйинларни ташкил қилишда ёрдам бергани ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай, узрли сабабсиз қўмита йиғилишига келмагани ҳақида хабар бор. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам 2019 йил охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилган.

Қайд этиш жоизки, Мўминжонов билан деярли бир хил «қоидабузарлик» содир этган ва устига-устак, қўмитага кўрсатма беришдан бош тортган Дилшод Жабборовнинг жазоси нега енгил бўлганига ҳам изоҳ берилмаган.

Жазоланганларнинг икки нафари «Сурхон» номи билан боғлиқ бўлса-да, Термиз шаҳри клубининг бу ишларга алоқаси йўқ. Гап шундаки, 2019 йил мавсуми бошланишидан олдин, Илҳом Мўминжонов «Сурхон» клуби бош мураббийи қилиб тайинланган эди. Шундан сўнг, у билан «Навбаҳор» клубида ишлаган ходим ва футболчилар Термиз клубига ўтган. Уларнинг орасида Шерзод Шарипов ва Дилшод Жабборов ҳам бор. 

2019 йил февраль ойида ЎФА Мўминжоновни «Азиз Турғунбоев иши» бўйича футболдаги фаолиятдан бир йилга четлатган эди. Шундан сўнг, у «Сурхон» клуби бош мураббийлигидан кетди.

Агар адашмасам, «Мўминжонов иши» - ўзбек футболидаги келишилган ўйинлар билан боғлиқ биринчи ишдир ва у айнан шундай қоидабузарлик учун жазоланган илк мураббийдир. Шу пайтгача, ЎФА қошида неча йиллар давомида келишилган ўйинларга қарши кураш қўмиталари, комиссиялари ишлаган бўлса-да, уларнинг бирортаси бундай қарор чиқармаган. Демак, ЎФАнинг бу қарорини фақат олқишлаш мумкин.

Аммо, танганинг иккинчи томони ҳам бор. ЎФА хабарида Мўминжоновнинг ўз футболчиларини қайси ўйинларни сотишга ундагани ҳақида маълумот йўқ. Ваҳоланки, ЎФА суриштирув ўтказган ва футболчилардан кўрсатма олган экан, бундай маълумотга ҳам эга бўлиши керак эди. Чунки ўйинни сотиш учун, уни сотиб олувчи, эвазига бир нарса таклиф қилувчи томон ҳам бўлиши керак. Хўш, ЎФА бу маълумотларни нега ошкор қилмаяпти?

Tribuna.uz манбалари маълумотига кўра, бу иш бўйича 10га яқин футболчи кўрсатма берган ва 2017 йилда юз берган бу воқеаларга фақат «Навбаҳор»нинг эмас, балки яна камида иккита клубнинг алоқаси бор. Улардан бири юқори ўринлар учун курашган, иккинчиси эса лигада жон сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Қайд этиш жоизки, мавсум якунига кўра бу вазифа «муваффақиятли» тарзда бажарилган ва клублар ўз мақсадига етган.

ЎФА келишилган ўйинларга қарши курашни изчиллик билан давом эттириб, даврани кенгроқ олиши, қинғир ишларга аралашган бу клублар бўйича ҳам суриштирув ўтказиши ва уларнинг номини ошкор қилиб, уларни ҳам жазолаши лозим эди.

Бу иккала клуб ҳозирги вақтда ҳам Суперлигада иштирок этмоқда. Агар уларнинг келишилган ўйинларга алоқаси борлиги исботланса, ноҳалол йўл билан қўлга киритган совринларидан маҳрум қилиниши, жаримага тортилиши, керак бўлса Суперлигадан тушириб юборилиши, жорий мавсумдаги очколаридан маҳрум қилиниши каби жазолар тайинланиши мумкин эди. Бундай амалиётни дунё футболида кўряпмиз.

Келишилган ўйинларга қарши кураш ҳар доим изчил олиб борилиши шарт. «Келишиб олиш»ни таклиф қилган ҳам, бу таклифни қабул қилган томон ҳам, хуллас занжирнинг барча қисми аниқланиши ва жазосиз қолмаслиги керак. Акс ҳолда у кўзланган самарани бермайди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид