Спорт | 22:14 / 29.04.2026
18029
4 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Пахтакор» очко йўқотди, «Нефтчи» яна пешқадам бўлиб олди

Суперлигада 10-тур ўйинлари ўтказилди. «Пахтакор» голларга бой ўйинда «Насаф»ни мағлуб этолмади. Тошкентликларнинг очко йўқотишидан «Нефтчи» унумли фойдаланиб, биринчи ўринга кўтарилди. «Бунёдкор» «Навбаҳор»ни енгиб, учинчи ўриндан тушириб юборди.

Фото: Пахтакор ФК

27-29 апрель кунлари Суперлигада 10-тур ўйинлари ўтказилди.

ПАХТАКОР 2:2 НАСАФ

Голлар: Ҳожиакбар Алижонов , 42 (1:0), Сардор Баҳромов, 56 (1:1), Фламарион, 90+2 пен (2:1), Бобур Абдуҳолиқов, 90+3 (2:2)

Четлатиш: Қувончбек Хушвақтов, 89 (Насаф)

«Пахтакор» ўз майдонида «Насаф» билан ўйнади. Баҳс голларга ва ҳодисаларга бой тарзда ўтди. Пешқадам икки марта ҳисобда олдинда бораётганига қарамай, ғалабани ушлаб қололмади. «Пахтакор» сўнгги дақиқаларда пенальтидан гол ургач, 3 очкони оладигандек кўринди, аммо «Насаф» кучли ирода намойиш этиб, Бобур Абдуҳолиқов голи эвазига ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Оқибатда «Пахтакор» жадвалдаги пешқадамликни бой берди.

НЕФТЧИ 4:0 ҚЎҚОН-1912

Голлар: Зоран Марушич, 4 (1:0), Ратиньо, 6 (2:0), Хуршид Ғиёсов, 46 (3:0), Хуршид Ғиёсов, 55 (4:0)

Четлатиш: Жавоҳир Сиддиқов, 42 (Қўқон-1912)

«Нефтчи» Фарғона дербисида «Қўқон-1912»ни ишончли тарзда мағлуб этди. Мезбонларга тезкор голлар ва рақибнинг бир футболчи кам бўлиб қолиши ҳам қўл келди. Хуршид Ғиёсов ўйинда иккита гол соҳиби бўлди. Бу ғалаба «Нефтчи»га яна якка пешқадам бўлиб олишига имкон берди. Жамоа «Пахтакор»дан 2 очкога ўзиб кетди.

БУНЁДКОР 2:1 НАВБАҲОР

Голлар: Шоҳмалик Комилов, 2 (0:1), Матиа Кривокапич, 28 (1:1), Матиа Кривокапич, 58 (2:1)

«Бунёдкор» ўз майдонида «Навбаҳор»ни иродали тарзда мағлуб этди. Наманганликлар дастлабки дақиқаларда ҳисобни очган эди. Аммо кейинчалик мезбонлар черногориялик Матиа Кривокапич голлари эвазига ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Бу ғалабадан кейин «Бунёдкор» 19 очко тўплаб, «Навбаҳор»дан ўзди ва учинчи ўринга кўтарилди.

МАШЪАЛ 0:1 БУХОРО

Гол: Шерзод Эсанов, 86 (0:1)

Четлатиш: Рашид Абубакар, 66 (Машъал), Асадбек Жўрабоев, 76 (Бухоро)

«Машъал» қаторасига 10-ўйинни ютқазди. «Бухоро» анчагача мезбонлар қаршилигини синдира олмади. Фақат сўнгги дақиқаларда урилган гол бухороликларга 3 очко келтирди.

ОКМК 2:1 ЛОКОМОТИВ

Голлар: Сардор Мирзаев, 54 (0:1), Авазбек Ўлмасалиев, 72 (1:1), Нодирбек Абдураззоқов, 90+1 (2:1)

ОКМК ўз майдонида иродали тарзда «Локомотив»ни енгди. Меҳмонлар ўйин якунига 20 дақиқа қолганида ҳисобда бир гол фарқи билан олдинда эди. Аммо ОКМК нафақат ҳисобни тенглаштирди, балки сўнгги дақиқаларда Нодирбек Абдураззоқов голи эвазига ғалабани илиб кетди.

АНДИЖОН 2:1 ДИНАМО

Голлар: Анвар Ҳожимирзаев, 52 (0:1), Имеда Ашортиа, 80 (1:1), Дамир Темиров, 82 (2:1)

Четлатиш: Анвар Ҳожимирзаев, 90+5 (Динамо)

«Андижон» ўз майдонида «Динамо» билан ўйнади ва 2 дақиқа ичида бурилиш ясади. «Динамо» Анвар Ҳожимирзаев голи эвазига ҳисобда олдинда эди, аммо ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида «Андижон» кетма-кет икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Имеда Ашортиа ва Дамир Темиров голлари мезбонларга ғалаба келтирди.

СЎҒДИЁНА 5:2 СУРХОН

Голлар: Люпчо Дориев, 11 (1:0), Ислом Қобилов, 15 (2:0), Зоир Жўрабоев, 53 (3:0), Фейсал Мулич, 61 (4:0), Хумоюн Шербўтаев, 73 (4:1), Стефен Чинеду, 76 (4:2), Александр Болевич, 89 (5:2)

Энг сермаҳсул ўйин Зоминда ўтказилди. «Сўғдиёна» «Сурхон»ни йирик ҳисобда енгди. Мезбонларнинг 4 та голига легионерлар муаллифлик қилди. Бу «Сўғдиёна»нинг мавсумдаги иккинчи ғалабаси бўлди ва жамоа жадвалдаги ўрнини бироз яхшилаб олди.

ҚИЗИЛҚУМ 0:0 ХОРАЗМ

Четлатиш: Янис Лери, 65 (Хоразм)

Жадвалда ёнма-ён кетаётган клублар ўйинида ҳисоб очилмади. Мезбонлар сўнгги ярим соатни бир футболчи кўп бўлиб ўтказди. Аммо «Хоразм» дуранг натижани ушлаб қолишга эришди.

10-турдан кейин Суперлига жадвали

11-тур ўйинлари

2 май

ДИНАМО – МАШЪАЛ

БУХОРО – СЎҒДИЁНА

3 май

ОКМК – НЕФТЧИ

ҚЎҚОН-1912 – БУНЁДКОР

СУРХОН – ПАХТАКОР

4 май

ХОРАЗМ – АНДИЖОН

ЛОКОМОТИВ – ҚИЗИЛҚУМ

НАСАФ – НАВБАҲОР 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид