16:03 / 02.04.2019
24406

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: қувалик уч эгизак чақалоқ вазирликнинг доимий назоратида

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Kun.uz сайтида Қува тумани Акбаробод қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Одина Жумаеванинг уч эгизак фарзандини боқишнинг ўзига хос машаққатлари, уларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолари ҳақида материал эълон қилинган эди.

Маълум бўлишича, Одина Жумаеванинг асосий муаммоси фарзандларига сунъий сут маҳсулотларини етказиб беришдаги қийинчиликлар бўлган. Уч эгизак фарзандларнинг тиббий назорати эса 80-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Илҳом Умаралиев ҳамда патронаж ҳамшираси Маҳлиё Янгибоева томонидан мунтазам олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, она ва бола саломатлиги давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир туғилган боланинг соғлом вояга етиши мунтазам назорат қилиб борилади, дейилади вазирлик хабарида.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Яқинда Қува туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Сотволдиев, бирлашма бошлиғининг ўринбосари Д.Ибрагимова ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири И.Умаралиев Одина Жумаева хонадонига ташриф буюришиб, чақалоқларнинг умумий ҳолатини яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказишди. Бундан ташқари, эгизакларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб бориш учун йўлланма берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Шунга кўра, шу йилнинг 1 апрель куни Одина Жумаева эгизак фарзандлари билан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ажратилган тез тиббий ёрдам машинасида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб келинди. Марказда бош шифокор Ш.Қўчқоров бошчилигида педиатр, кардиолог, невролог, нефролог, кардиохирург, ортопед, реаниматолог ҳамда УТТ шифокорлари томонидан эгизаклар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Текширув натижаларига кўра, эгизакларнинг каттаси Иқболжон ва кенжаси Имронжонларнинг аҳволи қониқарли. Ўртанчаси Исломжонда эса  кардиологик хасталик мавжудлиги аниқланиб, керакли тиббий муолажалар ўтказилди. Айни пайтда унинг соғлиғи яхшиланиб бормоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Эгизаклар айни пайтда умумий амалиёт шифокори, кардиолог ҳамда патронаж ҳамшираси томонидан доимий назоратга олинган.

Top