Ўзбекистон | 15:04 / 02.04.2019
4106
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳинд тили чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб ташкил этилади 

Фото: Pinterest

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Олмазор туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактаби негизида Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда чет тилларини, айниқса ҳинд тилини чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш (ҳинд ва ўзбек) адабиётшунослар, ёш таржимонлар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;

ўқувчиларни чет тилларини, айниқса ҳинд тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;

ўқув жараёнининг Ҳиндистон Республикаси таълим тизими билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва икки томонлама узвийликни таъминлаш мақсадида ўқувчиларга чет тилларини ўргатиш, ахборот коммуникация ҳамда илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш йўналишида Ҳиндистон Республикасининг етакчи таълим муассасаларида амалиёт ўташлари, ўзаро тажриба алмашишлари бўйича яқин ҳамкорликни ташкил этиш.

Белгилаб қўйилишича:

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, ихтисослаштирилган мактабнинг
5-6-7- синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ихтисослаштирилган мактабнинг моддий-техника базаси, педагог кадрлар салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда:

“Ustozoda xalq sanʼati ustalari korxonasi” унитар корхонасига тегишли Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Сағбон кўчаси, 109-уй манзилида жойлашган 24-сонли умумтаълим мактабининг собиқ таъмирталаб биноси ва унинг тегишли ҳудуди ва иншоотлари Олмазор тумани халқ таълими бўлимига оператив ҳуқуқи билан бепул ўтказиш;

2019 йилнинг 1 августига қадар ихтисослаштирилган мактабнинг мавжуд биносини мукаммал таъмирлаш ва собиқ биносини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини якунлаш;

мазкур мактаб ҳудудидаги Лал Баҳодур Шастри ҳайкалини Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан реставрация қилиш ва уни сифатли ўрнатиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид