Жаҳон | 00:10 / 04.04.2019
10515
2 дақиқада ўқилади

Видео: Зеленский Порошенкони стадионда дебатлар ўтказишга чақирди

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

Украина президенти сайловларининг 1-турида энг кўп овоз тўплаган Владимир Зеленский 2-тур олдидан амалдаги президент Петро Порошенко билан дебатларда иштирок этишга тайёрлигини айтди.

«Мен дебатларга бораман. Петро Порошенкога мурожаат қилмоқчиман, сиз мени дебатларга чақирмоқдасиз, мен қочиб кетишим, яшириниб олишимни орзу қиляпсиз. Йўқ. Мен – бу 2014 йилдаги сизмасман. Мен чақириқни қабул қиламан», деб айтилган Зеленскийнинг видеомурожаатида.

Бироқ Зеленский дебатларда иштирок этиш учун бир қатор шартлар қўйган. У Порошенкога «беллашув»ни мамлакатдаги энг катта спорт аренаси – Киевдаги «Олимпийский» стадионида ўтказишни таклиф қилган. 

«Дебатлар Украина халқи олдида ўтади, барча каналлар дебатларни жонли тарзда узатиш, барча журналистлар дебатларда бўлиш ҳуқуқига эга бўлади, номзодлар тиббий эскпертизадан ўтиб, халққа ораларида пиёнисталар, гиёҳвандлар йўқлигини исботлаши лозим. Мамлакатга соғлом президент зарур», дея ўз шартларини билдирган Зеленский.

«Сизга 24 соат вақт бераман, ўйлаб кўр...инг»,- деб ўз сўзларини интиҳолаган у.

Facebook’да «Зеленский жамоаси» саҳифасида орқага сановчи таймер ҳам ишга туширилган.

Аввалроқ Порошенко 2-тур олдидан дебатларни «муҳим элемент» деб атаганди. «Ким бўйин товласа, айтишга ҳеч қандай гапи йўқлигини билади», деб айтган Порошенко.

Украина президентлиги сайловларининг биринчи турида Владимир Зеленский 30 фоиздан ортиқроқ овоз тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Амалдаги президент Петро Порошенко 16 фоиз атрофидаги овоз билан эгаллади. Икки номзод энди 21 апрель куни ўтказиладиган иккинчи турда ўзаро кураш олиб боради. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид