14:38 / 05.04.2019
37904

МИБ газ корхонасидаги «ўйинлар»ни фош этди

Иллюстратив фото

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти Паст Дарғом туман бўлими томонидан бир нечта фуқароларнинг газ участкаси ходимларнинг қилмишлари юзасидан мурожаатлари ўрганилди.

Хусусан, фуқаро Б.Ш.ни туманлараро газ участкаси ходими М.А. табиий газдан қарзи борлигини, тўламаса тармоқдан узишини, жаримага тортишини айтиб қўрқитади ва 2 млн. 352 минг сўм пулини олиб кетади.

Орадан ўн кун ўтиб, турмуш ўртоғи С.Ў.нинг номига расмийлаштирилган тўлов патталарини беради. Лекин тўлов истеъмолчининг ҳисоб-рақамига келиб тушмайди. Мазкур ҳолат бўйича фуқаро Б.Ш. М.А.га нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Ўтказилган текширишда тўланган 2 млн. 352 минг сўмни М.А. шахсий манфаати учун ишлатиб юборганлиги маълум бўлди. Аслида эса тўлов паттаси берилган бўлса-да, абонент ҳисоб-рақамига келиб тушмаган. С.Ў.нинг қарздорлигини газ участкаси ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат компьютерлар орқали ҳисобдан чиқариб юборган. 

Шунингдек, “Найман” маҳалласида яшовчи Ё.Н.нинг 5 млн. сўм қарздорлигини газ участкаси ходими Ж.П. 300 АҚШ доллари эвазига хизмат компьютерлар орқали қарздорликни ҳисобдан чиқарганлиги аниқланади.

Бундан ташқари, газ участкаси ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат компьютерлар орқали махсус дастурдан фойдаланиб, Мажбурий ижро бюронинг туман бўлими мониторинг ва ҳисоб шўъбаси ходимларига бириктирилган парол орқали ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда 81 нафар истеъмолчиларнинг 227,6 млн. сўмлик қарздорлигини олиб ташлаганлиги ҳамда 124 нафар истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-варақларига қўшимча равишда 194,6 млн. сўмлик қарздорлик асоссиз киритилганлиги фош этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом туман бўлими томонидан М.А., Ж.П. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в”,“г” бандлари ва 278-4-моддаси 2-қисми “а”,”б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Паст Дарғом туман прокуратурасига юборилди.

Top