Ўзбекистон | 22:00 / 08.04.2019
19571
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти шу ойда Ўзбекистонга келади

Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин 16-23 апрель кунларида Марказий Осиё бўйлаб турне уюштиради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берган.

Жанубий кореяликлар президенти матбуот хизмати хабарига кўра, 18-21 апрель кунларини Мун Жэ Ин Ўзбекистонда ўтказади. У шунингдек, 16-18 апрель кунлари Туркманистонга, 21-23 апрель кунлари Қозоғистонга ташриф буюришни режалаштирган.

Минтақа бўйлаб турнедан кўзланган мақсад — Жанубий Кореянинг Марказий Осиё давлатлари билан яқин муносабатларини мустаҳкамлаш ва Мун Жэ Иннинг «Янги шимолий сиёсат»и доирасида консенсусга эришишдан иборат.

Ўзбекистонда Мун Жэ Ин Президент Шавкат Мирзиёев билан икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрида Жанубий Кореяга сафар уюштирганди. 

Ушбу ташриф доирасида 75та ҳужжат имзоланган, энергетика ва нефтгазкимё соҳасида – 2,95 млрд. долларлик, банк-молия соҳасида – 2,7 млрд. долларлик, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантиришда – 1,7 млрд. долларлик битимлар тузилганди.

Шунингдек, давлат ташрифи мобайнида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайтирилишига қаратилган бир нечта муҳим келишувларга эришилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид