Ўзбекистон | 09:01 / 18.04.2019
23685
2 дақиқада ўқилади

Мун Чжэ Ин Ўзбекистоннинг «Янги шимол сиёсати»даги ўрни ҳақида гапирди

Фото: Sergey Guneev / Sputnik / AFP

Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарига интервью берди.

У Ўзбекистоннинг Корея Республикаси томонидан амалга оширилаётган «Янги шимол сиёсати»даги ўрни ва роли ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқалар маркази ҳисобланади. Ўзбекистон тарихи математика, тиббиёт ва астрономия фанларига асос солган Ал Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби буюк мутафаккирлар номи билан боғлиқ экани бежиз эмас. Ўзбекистон турли мулоқотлар воситасида тамаддунлар ривожига хизмат қилган, бугун эса, ана шу восита ёрдамида инновация ва тараққиётга эришмоқчи.

Корея Республикаси ҳам, ўз навбатида, алмашинувлар туфайли тараққий этган. Кореяда ҳозир ҳам қадимий Марказий Осиё билан муносабатлар излари топилмоқда. Бинобарин, биз узоқ вақт давомида бошқа мамлакатлар билан савдо орқали янги маданият ва тамаддунлардан баҳраманд бўлганмиз. Бугунги кунда ҳам технологиялар алмашинуви ва савдога асосланган иқтисодий тараққиёт йўлидан бормоқдамиз.

«Янги шимол сиёсати» Корея ярим оролида барқарор тинчлик ўрнатиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Евросиё қитъасида тинчлик ва тараққиётга эришишга қаратилган. Ушбу сиёсат икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасидан чиққан ҳолда Марказий Осиё ва бутун Евросиёнинг умумий тараққиётига хизмат қилади. «Янги шимол сиёсати»ни амалга оширишда Евросиёнинг муҳим шериклардан ҳисобланган Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва Янги Ипак йўли даври бошланишига умид қиламиз», - деди Мун Чжэ Ин.

Мавзуга оид