Ўзбекистон | 15:40 / 23.04.2019
13438
3 дақиқада ўқилади

«Биз сиздан кўмак сўрамаймиз». Бизнес-Омбудсменга ишончсизлик билдирилди

«Молочная кухня» бренди остида фаолият юритиб келган Diyor Biznes компанияси Республика ДСЭНМ томонидан текширувдан ўтказилгач, цех фаолиятини тўхтатиб қўйишга қарор қилинганди. Diyor Biznes ижтимоий тармоқда тарқатган хабарда эса бизнес-Омбудсменга ишончсизлик билдирилган

Гап шундаки, 5 апрель куни Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг (Бизнес-Омбудсмен) ўринбосари Республика ДСЭНМ сўровига кўра, компания фаолиятини текширишга рухсат берганди.

«Бизнес-Омбудсмен қонунчиликка мувофиқ, ўринбосарга эга. Бизнес-Омбудсмен ўз ваколатини бажаришга лаёқатли бўлмаса, бошқа ишга ўтганда ёки лавозимидан озод этилганда унинг ўринбосари барча ваколатларни зиммасига олиши белгиланган. Бошқача қилиб айтганда, сизнинг ўринбосарингиз юридик ҳуқуққа эга бўлмай, текширувни ўтказиш учун рухсат берди»,  — дейилади корхона тарқатган мурожаатда. 

Diyor Biznes мурожаатида Бизнес-Омбудсмен эмас, унинг ўринбосари текширувга рухсат бергани шубҳали бўлгани, аслида 4 варақ қоғозни ўқиб, ўрганиш айнан Бизнес-Омбудсмен иши эканлиги эслатилган. 

Махфий ҳужжат сифатида оммага ошкор этилмаётган ҳужжатларда Diyor Biznes корхонасидан 50 м узоқликда ҳайвонлар қабристони бўлгани ҳақида маълумот ОАВга айтилса-да, қабристоннинг атроф-муҳитга зиёни ва аҳоли яшаш пунктига таъсири айтилмаётир. Ҳанузгача, илмий асосланган хулоса асосида расмий баёнот берилмади. 

«Жаноб Дилмурод Султонмуродович, ўз розилигингизни бериш билан бирга, нега корхона фаолияти билан қизиқмадингиз? Сиз эмасми ҳимояга ошиққан адвокат? Бу сизнинг лавозимий бурч ва вазифангиз, буни Президент ва Олий Мажлис аъзолари белгилаб қўйган. Нега корхонамиз бу қадар ютуқ ва мукофотларга эришгани билан қизиқдингизми? Туман ва шаҳар ДСЭНМ вакиллар бизни доимо назорат қилишига эътибор қилмадингизми? 

Ўйлайманки, суд очиқ бўлади ва барчасига ойдинлик киритилади», — дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркор Шуҳрат Қаюмов бошқариб келаётган корхона фаолияти Республика ДСЭНМ қарори билан тўхтатиб қўйилганди. Ушбу иш эндиликда судда кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид