Тошкент шаҳрининг деярли марказида ўз бизнесини йўлга қўйган ва бир неча йиллар мобайнида турли тўсқинликларга учраб келаётган «Молочная кухня» муаммолари ҳақида Kun.uz сайтида аввал ҳам бир неча марта ёзилганди. Афсуски, ҳозирча воқеалар ривожи тадбиркор фойдасига қарама–қарши ривожланиб, «Молочная кухня» фойдаланиб турган ер майдони олиб қўйилиши томон яқинлашмоқда.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни «Молочная кухня» Ўзбекистондаги қатор нашрлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказиб, ўзи дуч келган муаммо юзасидан баёнот берди. Бундай йўл тутишга қарор қилган тадбиркор сўнгги имкониятлардан бирини қўллаётгани эҳтимолини рад этмади. Уларнинг бу ҳаракатлари давлат обрўси ёхуд президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга путур етказиш деб баҳоланмаслик кераклигига урғу берилди.

Шуҳрат Қаюмов - Diyor Biznes компанияси раҳбари

«Биз юқори давлат лавозимларини эгаллаб, Президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ишончсизлик пайдо қилаётган айрим мулозимлар гуруҳининг кирдикорлари туфайли мамлакатимиз ҳақида салбий фикр пайдо бўлишини хоҳламаймиз. Анжуманни ташкил этишдан мақсад – Президентнинг иқтисодий сиёсатига зимдан қаршилик кўрсатаётганларни фош этишдир. Айнан улар олиб борилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилишмоқда, мамлакатимиз обрўсини туширмоқда ва унинг имижига зарар етказмоқда», - деди Шуҳрат Қаюмов баёноти аввалида.

Шуҳрат Қаюмов

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлик субъекти ўзи дуч келган муаммони юқори раҳбарият эътиборига етказишнинг қонунда белгиланган барча чораларини қўллаб бўлган. У томонидан ўнлаб мактублар, мурожаатлар ва аризалар берилган. Бироқ, хатлар ушбу мулозимлар гуруҳига юборилган ё бўлмаса шунчаки эътиборсиз қолдириляпти.

Kun.uz сайти мазкур муаммони батафсил ёритгани сабабли тадбиркор баёнотининг муҳим қисмларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Мазкур фирма 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, 2012 йили бугунги «Молочная кухня» ўрни бошқа бир тадбиркорлик субъектидан сотиб олинган. 2014 йилда эса муаммолар бошланган.

«2014 йили корхонамиз рейдерликка учради. Давлат мулки қўмитаси «обрўли ва қўли узун мулозим» буйруғи билан судга пухта ўйланган даъво аризаси киритди. Унда «Вакцина» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг мулки хусусийлаштирилгани ноқонуний бўлгани боис ушбу бирлашма иншоотлари билан бўлган барча битимларни ҳақиқий эмас, деб топиш талаб этилган эди. Бу бирлашманинг бино ва иншоотлари хусусийлаштирилганидан 21 йил ўтганидан сўнг талаб қилинмоқда эди. Эътибор қилинг, 21 йил ўтгач!», - дейди Шуҳрат Қаюмов.