08:29 / 23.04.2019
62384

Ўзбекистон доимий аҳолиси сони маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2019 йил 1 апрель ҳолатига 33,3 млн кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 120,3 минг кишига ёки 0,4%га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шаҳар аҳолиси сони 16,8 млн кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,5%), қишлоқ аҳолиси сони 16,5 млн кишини (49,5%) ташкил этди.

2019 йил 1 апрель ҳолатига республика доимий аҳоли сонининг 30,4%и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 59,5%и меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,1%и меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда. 

2019 йилнинг январь-март ойларида 159,5 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб (бу ерда ва бундан кейин туғилганларга фақат тирик туғилганлар инобатга олинган), мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 19,4 промиллени ташкил этди ҳамда 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 промиллега ошганлиги (2018 йилнинг январь-март ойларида 18,2 промилле бўлган) кузатилди. 

2019 йилнинг январь-март ойларида 37,1 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,5 промиллени ташкил этди, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега камайган (2018 йилнинг январь-март ойларида 4,7 промилле бўлган) 

2019 йилнинг январь-март ойларида аҳолининг табиий ўсиши 122,4 минг кишини ташкил этиб, 2018 йил мос даврига нисбатан 13,0 минг кишига (2018 йилнинг январь-март ойларида 109,4 минг киши бўлган) ўсган. 

2019 йилнинг январь-март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 53,7 минг никоҳ қайд этилди, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 6,5 промиллени ташкил этди. Тузилган никоҳлар сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсиш суръатлари Наманган вилояти (19,4%), Тошкент шаҳри (12,9%), Тошкент (12,8%), Жиззах (11,8%), Андижон (9,1%) ва Сирдарё (9,1%) вилоятларига тўғри келмоқда 

2019 йилнинг январь-март ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 8,0 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 1,0 промиллени ташкил этди. Ажримлар сонида 2018 йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсиш суръатлари Бухоро (25,0%), Наманган (16,7%) ва Андижон (11,1%) вилоятларига тўғри келмоқда. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли камайиш Қашқадарё (33,3%), Самарқанд ва Хоразм (11,1%) вилоятларида кузатилди. 

Top