Жаҳон | 19:01 / 29.04.2019
48905
7 дақиқада ўқилади

«Қасоскорлар: Интиҳо»: шов-шувли фильм ҳақида барча фактлар

Фото: Marvel

«Қасоскорлар: Интиҳо» фильми премьера ҳафтасининг охирида дунё бўйлаб 1,2 млрд доллар – илк уикенд учун кино тарихидаги энг кўп маблағни жамғара олди. Ушбу фильм Marvel кинокоинотининг 10 йил давомида бир ипга тизиб келинган воқеалар ривожидаги сўнгги фильм ҳисобланади.

Премьера кассабоплиги бўйича илк ҳафтанинг ўзидаёқ жаҳон кинопрокатидаги барча рекордларни янгилаши кутилганди. Премьера дастлаб 22 апрель куни АҚШда, сўнг дунё бўйлаб Хитойда 24 апрель куни томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. «Қасоскорлар: Интиҳо» фильми, кинотаҳлилчиларга кўра, илк уикенднинг ўзида 900 млн – 1 млрд доллар атрофида фойда кўриши тахмин қилинганди. Умумий касса йиғимлари эса рекордчи фильм «Аватар»ни (2,8 млрд доллар умумий касса йиғимига эга) ортда қолдириши ҳам мумкин.

Фото: Marvel

Россия Федерациясида премьера куни кейинроққа қолдирилгани сабабли Ўзбекистон кинотеатрларида 29 апрель куни намойиш қилинадиган ушбу фильм «Қасоскорлар: Чексизлик жанги» фильмининг мантиқий давоми ҳисобланади. «Қасоскорлар: Чексизлик жанги» фильми 321 млн долларлик бюджет билан 2 млрд 48 млн доллар даромад келтирган.

Фильм Ўзбекистонда ҳам ўзининг минглаб томошабинларига эга. Кинокартина ҳақида энг муҳим маълумотларни эса қуйида ўқишингиз мумкин.

• Фильм Marvel Studios кинокоинотидаги ушбу фильмлар кетма-кетлигидан сўнг келади:

-        «Темир одам» (2008)

-        «Ажабтовур Ҳалк» (2008)

-        «Темир одам-2» (2010)

-        «Тор» (2011)

-        «Биринчи қасоскор» (2011)

-        «Қасоскорлар» (2012)

-        «Темир одам-3» (2013)

-        «Тор-2: Зулмат салтанати» (2013)

-        «Биринчи қасоскор: Бошқа жанг» (2014)

-        «Галактика Соқчилари» (2014)

-        «Қасоскорлар: Альтрон даври» (2015)

-        «Чумоли-одам» (2015)

-        «Биринчи қасоскор: Қарама-қаршилик» (2016)

-        «Доктор Стренж» (2016)

-        «Галактика Соқчилари: 2 қисм» (2017)

-        «Ўргимчак-одам: Уйга қайтиш» (2017)

-        «Тор: Рагнарёк» (2017)

-        «Қора Пантера» (2018)

-        «Қасоскорлар: Чексизлик жанги» (2018)

-        «Чумоли-одам ва Қовоғари» (2018)

-        «Капитан Марвел» (2019)

-        «Қасоскорлар: Интиҳо» (2019)

-        «Ўргимчак-одам: Уйдан йироқда» (намойиши 2019 йил 4 июлда бўлиши режалаштирилган);

• «Қасоскорлар: Интиҳо» фильмининг режиссёрлари ака-ука Энтони ва Жо Руссодир;

Фото: Screen Rant

• Фильм 3 соат 1 дақиқа давом этади;

• Фильм Қасоскорларнинг Чексизлик тошларини қўлга киритган, Ер юзининг ярим аҳолиси, шунингдек, суперқаҳрамонларнинг ярмини йўқотган Таносга қарши жанги тўғрисида ҳикоя қилади;

• Бош ролларда:

Кенжа Роберт Дауни (ихтирочи, миллиардер, филантроп қаҳрамон – Тони Старк, Темир одам)

Крис Эванс (америкалик аскар, фан ютуқлари билан супер қобилиятларга эга бўлган қаҳрамон – Стив Рожерс, Капитан Америка)

Крис Ҳемсворт (Асгард маконидан бўлган чақмоқ ҳукмдори – Тор)

Марк Руффало (олим, тадқиқотлар оқибатида яшил махлуққа айланиш имконига эга қаҳрамон – Брюс Бэннер, Ҳалк)

Жош Бролин (титан, Чексизлик тошларини қўлга киритган асосий салбий қаҳрамон – Танос)

Жереми Реннер (моҳир камонбоз – Клинт Бартон, фильмнинг аввалги қисмларида Лочинкўз образини гавдалантирган, сўнгги қисмда Ронин сифатида пайдо бўлади)

Скарлетт Йоханссон (рус жосуси - Наташа Романова, Қора бева)

Бри Ларсон (америкалик ҳарбий учувчи – Кэрол Денверс, Капитан Марвел)

Пол Радд (Скотт Лэнг, Чумоли-одам)

Бенедикт Камбербэтч (собиқ жарроҳ – Стивен Стренж, Вақт тошининг сақловчиси)

Том Ҳиддлстон (Алдов ва муғомбирлик тимсоли - Локи)

Крис Прэтт (Питер Квилл, Юлдуз лорди)

Сэмюэл Л. Жексон (жосус, Ник Фьюри)

Том Ҳолланд (мактаб ўқувчиси - Питер Паркер, Ўргимчак-одам)

Чэдвик Боузман (Ваканда қироли – Т’Чалла, Қора Пантера)

• BoxMojo сайти маълумотларига кўра, Marvel кинокоиноти 22 фильмининг умумий ҳисобдаги жамғарган маблағи – 19 млрд 848 млн 985 минг 785 долларни ташкил қилади. 2019 йилнинг 29 апрель ҳолатга кўра, ушбу сумма 167 трлн 318 млрд 433 млн 659 минг 276 сўм 75 тийинни ташкил қилади (1 АҚШ доллари = 8429, 57 сўм);

• 22 фильмни тасвирга олиш учун 3 млрд 735 млн доллар сарфланган (31 трлн 484 млрд 443 млн 950 минг сўм). Соф фойда – 16 млрд 113 млн 985 минг 785 долларни (135 трлн 833 млрд 971 млн 153 минг 662 сўм) ташкил этмоқда;

• «Қасоскорлар: Интиҳо» фильмининг ноқонуний кўчирма шакли чиқиб кетмаслиги учун курашилса-да, хитойлик видеоқароқчилар томонидан фильмнинг экрандан ёзиб олинган сифатсиз талқини интернет тармоқларига сиздирилган. Жумладан, Тошкент кўчаларида фильмнинг сифатсиз талқини дискларга кўчириб сотилмоқда. Дискларнинг ўртача нархи - 5 минг сўмдан 10 минг сўмгача;

• Шунга қарамасдан, Тошкентдаги кинотеатрларда фильм премьерасигача чипталарнинг катта қисми сотиб бўлинган. Чипталар нархи эрталабки сеанслар учун 22 минг сўмдан прайм-таймда 36 минг сўмгача белгиланган.

Мирзаёр Эркинов

Мавзуга оид