Жаҳон | 22:05 / 30.04.2019
57118
2 дақиқада ўқилади

Видео: Венесуэлада ҳарбий машина намойишчиларни босиб ўтди

Венесуэла пойтахти Каракасда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Интернетда тарқалган видеолардан бирида намойишчилар ҳарбий машиналарга ҳужум қилгани, шундан сўнг улардан бири намойишчилар устига юргани ва одамлар ғилдираклар остида қолгани тасвирланган.

Ҳозирча бу ҳодиса тафсилотлари ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Бугун, 30 апрель куни Венесуэлада мухолифат раҳбари Хуан Гуайдо мамлакат ҳарбийлари ўзи томонига ўтгани ва амалдаги президент Николас Мадурони ҳокимиятдан ағдаришга қаратилган «Озодлик» ҳаракатининг «якуний босқичи» бошлангани ҳақида эълон қилиб, армия ва халқни навбатдаги намойишларга чорлаганидан кейин пойтахт Каракасда норозилик акциялари бошланиб кетди.

Венесуэла Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес армия Мадуро томонида қолганини эълон қилди ва Каракасда бошланган тўқнашувлар давомида «қон тўкилишлари» рўй бериши мумкинлигини истисно этмади.

Маҳаллий нашрларда тарқалган бошқа бир видеода тасвирланган тўқнашувда икки томонда ҳам ҳарбий формадаги қуролланган кишилар бир-бирига ўт очаётганини кўриш мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид