Ўзбекистон | 13:51 / 01.05.2019
3902
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Эрон олий диний раҳбарининг махсус вакили билан музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси олий диний раҳбарининг махсус вакили, ЭИР Ташқи алоқалар бўйича стратегик кенгаши раиси Камол Харрозий билан учрашди.

Суҳбатда Ўзбекистон – Эрон кун тартибидаги масалалар ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди, дея хабар тарқатди ТИВ.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга ўзаро қизиқиш мавжудлиги тасдиқланган.

БМТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди. Эрон томони 2020 йилда ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича Тошкент шаҳрида ўтказиладиган иккинчи саммитида ўзининг иштирок этишини тасдиқлади.

Томонлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларни ва Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишни қўллаб-қувватлади.

Минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиш чоғида «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўлини қуриш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон транспорт коридори тўғрисидаги шартномани тўлақонли амалга оширишнинг минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда тутадиган муҳим аҳамияти қайд этилди.

Учрашувда туристик ва маданий-гуманитар алмашувлар кўламини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда Эрон элчиси Баҳман Оғорозий Дўрмоний иштирок этди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид