08:39 / 02.05.2019
38338

Голливуднинг энг катта ҳақ олувчи юлдузлари маълум қилинди

Фото: Jun Sato/Getty Images

Variety нашри Голливуднинг 2019 йилда энг катта ҳақ олган юлдузлари рўйхатини тузди.

Рейтингга кўра, Netflix стриминг платформаси билан ишловчи актёрлар Sony ва Warner Bros. каби компаниялар билан ишловчи ҳамкасбларидан кўпроқ пул топарканлар. Рўйхатга 17 актёр ва актриса киритилган. 

Даромаднинг катталиги бўйича 1-ўринни “Дедпул” фильми юлдузи Райан Рейнольдс эгаллади. У “6 Underground” жангари фильмидаги роли учун Netflix’дан 27 млн доллар олган.

2-ўринни Дуэйн “Қоя” Жонсон ва Роберт Дауни эгаллаган. Уларнинг иккиси ҳам 20 млн доллардан ҳақ олишган. Жонсон “Форсаж: Хоббс ва Шоу” фильмида, Дауни эса “Доктор Дуллитл саёҳати” фильмида суратга тушган.

Етакчи бешталикдан Уилл Смитт “Ёмон йигитлар 3” фильми учун 17 млн доллар ва Жейсон Стэтхэм “Форсаж: Хоббс ва Шоу” фильми учун 13 млн доллар гонорар билан ўрин эгаллаган.

Эмили Блант 12-13 млн долларлик, Гал Гадот 10 млн долларлик ва Марго Робби 9-10 млн долларлик гонорар билан энг катта ҳақ олувчи актрисалар деб топилган.

Шунингдек, рейтингга Том Круз (13 млн доллар), Брэд Питт (10 млн доллар), Леонардо ди Каприо (10 млн доллар), Идрис Элба (8 млн доллар), Бен Аффлек (8 млн доллар), Кристен Стюарт (7 млн доллар), Мартин Лоуренс (6 млн доллар), Хоакин Феникс (4,5 млн доллар) ва Жессика Честейн (2,5 млн доллар) киритилган.

Нашрнинг таъкидлашича, баъзи номдор актёрлар қизиқарли роль учун камроқ ҳақ олишга ҳам рози бўладилар. Мисол учун, Леонардо Ди Каприо ва Брэд Питт Квентин Тарантинонинг “Бир кун Голливудда” фильмидаги роллари учун 10 млн доллар гонорар олишга рози бўлишган.

Top