14:32 / 03.05.2019
16705

Орол денгизи туфайли Ўзбекистондаги ер майдонлари қурғоқчиликка юз тутмоқда - Қўмита раиси

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров республикада тупроқ самарадорлигини оширишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Унга кўра, умумий ер майдони 21 млн гектар ер бўлиб, шундан 1800 гектари деградацияга учраган. 

«Бунга сабаб Орол денгизи тубидаги тузларнинг зарарли таъсиридир. Мавжуд вазиятнинг олдини олиш учун Орол денгизи ҳудудидаги 500 минг гектар ер майдонига 1500 турдаги фойдали ўсимлик уруғлари экилди», - дейди қўмита раиси.

Маълумот учун, Республика яйловларида 1990 йилда 270 турдаги ўсимлик мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич атиги 42тани ташкил қиляпти. 

Сенатор Гулчеҳра Сатторованинг таъкидлашича, мамлакатдаги жами яйловларнинг 41 фоизини ташкил этувчи Навоий вилоятидаги 8,7 млн. гектардан зиёд яйлов майдонларининг 82 фоизи ҳам деградацияга учраган.

«Вилоятимизнинг яйлов майдонларининг 82 фоизидан зиёди деградацияга учраган. Бу жуда катта кўрсатгич ва у йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ачинарли ҳол. 30 фоиздан ортиқ майдондаги яйловда ўсимликлар турлари кескин камайиб кетиши оқибатида маҳсулдорлик 2,5 баробарга, жумладан озуқа экинлари ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2 центнерга қисқарган», - дейди сенатор.

Бунга асосий сабаб этиб, яйлов ўтлари уруғининг йўқолиб бориши, тоғли туманлардаги ўтлоқларни ноқонуний ҳайдаб юборилиши ва йўқолиб бораётган ўт-ўланларнинг уруғидан қайта экиш ташкил этилмаётганлиги кўрсатилди.  

«Яйловлар тўғрисида»ги Қонун яйловларни такрор кўпайтириш ва тиклаш тадбирлари белгиланган. Унга кўра ушбу жараён яйловларни инвентаризациядан ўтказиш ҳамда геоботаник жиҳатдан текшириш асосида амалга оширилади. Бу йўналишдаги тадбирлар тупроқ унумдорлигини, яйловлардаги ўсимлик қопламининг миқдорий ва сифат ҳолатини сақлаб туришнинг табиий жараёнларига кўмаклашишдан иборатдир», - дейди у.

Top