Ўзбекистон | 07:45 / 17.05.2022
4573
2 дақиқада ўқилади

Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда - Сенат

Жорий йил 14 май куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: Senat.uz

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, унда иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган вазифалар бажарилиши ҳолати юзасидан "Ўзгидромет" хизмати маркази бош директори ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари глобал миқёсга эга бўлиб, маҳаллий ҳудудда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда. Дарёлар сувини шакллантирувчи музликларни тобора эриб бориши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вазирликлар ва идоралар томонидан қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган айрим тадбирлар бажарилишида сусткашликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги 2022-2030 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари охирига етказилмаган.

Бундан ташқари, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғидаги иссиқхона газлар ажратмаларини камайтириш имкониятларини ўрганиш борасидаги ишлар ҳам охирига етказилмаган.

Шунингдек, иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қурилишда техник нормативларни қайта кўриб чиқиш “Янги қурилиш қоидалари”ни тасдиқлаш тадбири якунланмаган.

Сенаторлар томонидан ўз вақтида бажарилмаган вазифаларни охирига етказиш ва бошқа масалалар юзасидан масъулларга топшириқ, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси шамол атласи”ни ҳамда “Ўзбекистон Республикаси қуёш атласи”ни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид