Ўзбекистон | 17:57 / 03.05.2019
15841
3 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Вилоятларда мактаб бинолари етишмаяпти. Коллеж бинолари эса бўш»

Фото: KUN.UZ

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида касб-ҳунар коллежларнинг бўш ўринларидан фойдаланиш ва мактабларда ўрин етишмаётганлиги хусусида сўз борди.

Сенатор Шоҳида Орипованинг сўзларига кўра, 10-,11-синфларнинг тикланганлиги ҳисобига ҳозирда кўплаб мактабларда ўқувчилар учун ўрин етишмаётганлиги кузатилмоқда. Мактабларнинг 2, ҳатто 3 сменада фаолият кўрсатаётганлиги ҳолатлари мавжуд.

«Коллежларнинг 2 гектардан 10 гектаргача майдонлари бор, кўпгина бинолар бўшаб ётибди. Коллеж биноларининг ҳеч бўлмаса 50 фоизи халқ таълимига ўтказилиши керак», — дейди Орипова.

Ялпи мажлисда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисобот берган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мазкур масала бўйича изоҳ берди.

Бош вазир ўринбосарига кўра, чиндан ҳам мактабларда ўқувчилар сонининг кўплиги, ўрин етишмовчилиги ҳолатлари мавжуд. Мазкур масала бўйича ҳар бир вилоятдаги ҳолат ўрганиб чиқилган. Аммо коллежларнинг барчаси ҳам мактабга мослаштириш учун мос келмайди. Жойлашув ўрни ёки бошқа кўрсаткичлар нуқтаи назаридан тўғри келмаслиги мумкин.

«Масаланинг яна бир жиҳати бор. Ўрта махсус таълим тизимини ҳам буткул йўқотиб юбориш керак эмас. 11-синфни битирган боланинг қўлида фақатгина шаҳодатнома бўлади. Унинг ишга жойлашиши муаммо бўлиши мумкин. Биргина шаҳодатнома билан энг қуйи вазифаларда, оддий қилиб айтганда, мардикорлик билан шуғулланиши мумкин.Чунки унинг мутахассислиги йўқ. Ҳеч қаерга ишга олинмайди. Шу нуқтаи назардан, ишлаб чиқаришга йўналтирувчи коллежларнинг ҳам сақлаб қолинишига эҳтиёж бор. Шунинг учун бинолар тақсимотида балансни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Халқ таълими, Олий таълим, Меҳнат вазирлиги ўртасида коллежларни тақсимлаш бўйича бир қарорга келинган. Давлат раҳбарига бу юзасидан ҳисобот киритилиб, розилик ҳам олинган», — дея таъкидлади Абдуҳакимов.

Маълум қилинишича, Сурхондарёда вилоятдаги 80та коллежнинг 39таси мактаблар учун берилган. 

«Олий таълим тизимига ҳам коллежлар сақлаб қолиниши керак. Чунки ҳозирда олий таълим қамрови атиги 9 фоиз, бу кўрсаткични 20 фоизга етказишимиз керак», — дея қўшимча қилди Азиз Абдуҳакимов.

Мавзуга оид