Спорт | 14:56 / 06.05.2019
32052
13 дақиқада ўқилади

«Боланг рак бўлиб ўлсин». Бекҳэмнинг «даҳшатли туши» ҳақида

Футболнинг энг ёрқин юлдузларидан бири Дэвид Бекҳэм куни-кеча 44 ёшни қарши олди. Унинг футболдаги ютуқлари, кўрсатган ўйинлари ва ҳаёти ҳақида шундоқ ҳам кўп нарса биламиз. У доим футбол жамоатчилиги кўз ўнгида, ашаддий мухлис ва мухлисалар қуршовида яшаган, доим халқнинг муҳаббатини ҳис қилиб келган. Аммо шундай давр борки, Бекҳэм бу йўлда жуда ёлғиз қолганди. Балки айнан ўша давр Дэвидга муҳаббат ва нафратнинг масофаси бир қадам эканини, обрў ва эътибор ҳар қанча юксакларга чиқмасин, доим ҳақиқий инсон бўлиб қолиш муҳим эканини ўргатгандир. Эътиборингизга sports.ru порталида эълон қилинган материални ҳавола қиламиз. 

Уни бутун Англия ёмон кўриб қолганди.

Сент-Этьендаги стадион ёнидаги автотураргоҳда Бекҳэм отасининг кўксига бошини қўйиб йиғлар, шу атрофдан ўтиб кетаётган Аргентина терма жамоаси автобусидагилар эса, футболкалари билан ғалабани нишонлаб, ота-ўғил Бекҳэмларнинг устидан кулиб ўтиб кетишди. Икки соат олдин Оуэннинг ўша суперголи ва Дэвиднинг қизил карточкаси билан эсда қолган нимчорак финал учрашуви тугаган - Англия пенальтилар сериясида мағлубиятга учраганди.

Аввалига ҳаммаси яхши бошланди. Айнан Бекҳэм Майклнинг голига тўп узатмани амалга оширди, аммо кейин Диего Симеоне билан тўқнашув юз берди. Чимда ётган Дэвид рақибини тепиб юборди ва Симеоне вазиятдан унумли фойдаланиб, артистлик қобилиятини ишга солди. Инглизлар оёқ тегмаганини исботлашга уринишди, лекин Ким Милтон Нильсен ўз қарорини бериб бўлганди.

«Бекҳэмнинг оёғи унга тегмаган бўлса-да, у ўзини жуда ёмон тутди. Рақибни уришга уринишнинг ўзи ҳам худди ургандек гап ва бунинг учун майдондан четлаштирилади» - деб кейинчалик қарорини изоҳлади даниялик ҳакам.

Учрашувнинг қолган қисмини Дэвид туннел олдида кузатди. У Инс ва Бэттининг омадсиз пенальтиларини ҳам ўша ердан томоша қилди. Албатта, агар уни майдондан четлатишмаганда, биринчилардан бўлиб, серияда қатнашган бўларди. Балки тўлиқ таркиб билан инглизлар вазиятни дурангга ҳам олиб бормас эдилар балки...

Кейинги кун янада оғир ўтди. Расво кайфият ва Англияга қайтиш. Йўлда Бекҳэм биратўла Нью-Йоркка кетишга қарор қилди - у ерда рафиқаси Виктория Бекҳэм фарзанд кутаётганди. Шунингдек, у ерда шафқатсиз инглиз журналистлари йўқ - бундай пайтда Англиядан узоқроқ бўлиб туриш ҳам фойдали.

Аммо Дэвид адашганди, унинг хатоси ҳатто АҚШга ҳам етиб борган, Жон Кеннеди аэропортидаёқ Бекҳэмни юзлаб фотомухбирлар-у журналистлар кутиб олишди. У таъқибдан қочиб таксининг орқа ўриндиғига ўзини отди, эшикни ёпмоқчи бўлди, аммо машинани ўраб олган журналистлар бунга изн бермасдилар. Бир неча сония Бекҳэм ва «рақиблар» машина эшигини талашишар, шу онда нариги томондан бир аёл кириб, футболчини расмга ола бошлади. Бу даҳшат эди. Таксист катта қийинчиликлар билан у ердан машинани олиб чиқиб кетди.

Нью-Йоркда Бекҳэм мундиални ўйламасликка уринди - Spice Girls концертига ташриф буюрди, асосий вақтини Виктория билан ўтказди, ҳатто Мадонна билан рўпара келишга тўғри келди.

«Ўғлим, хавотир олма. Сен «МЮ» футболчисисан. Ҳаммаси яхши бўлади, биз ёнингдамиз», - Алекс Фергюсондан ушбу «смс»гина Бекҳэмни сал хотиржам қилди. Лекин муаммолар энди бошланаётганди. Чемпионатдан олдин бутун Англия Бекҳэмни яхши кўрар, энди эса. Худди шу «муҳаббат» билан уни «кўмиш»га тайёр эди.

Дастлаб, оила жабр кўрди. Дэвид Америкада дам олаётганда мухбирлар унинг ота-онаси истиқомат қиладиган Лондондаги уйни қуршаб олдилар. Эшик очилиши билан бир гуруҳ журналистлар камера ва микрофонлар билан бостириб келишар, ҳатто баъзилар стол-стул олиб келиб, ҳовлида кофе ичиб ўтиришар, уй эгаларининг ташқарига чиқишини кутишарди. Кейинги зарбани эса газеталар берди. The Mirror асосий саҳифада «Ўн шер ва бир аҳмоқ болакай» сарлавҳаси билан чиқди. The Sun эса дартс нишони остига Бекҳэмнинг расмини қўйиб, ёзди: «Ҳали ҳам жаҳлингиздан тушмадингизми? Нишондаги Бекҳэм билан аламингизни чиқаринг!».

Дэвид Лондонга қайтганида, аэропортда уни полициячилар кутиб олди.

- Тинчликми, мени ҳибсга олмоқчимисиз?

- Йўқ, сэр, сизни қўриқлаш учун келдик.

Футболчи бир гуруҳ полициячилар қуршовида аэропортдан чиқди. Аввалига кулгили туюлган бу ҳолат ташқарида 50дан ортиқ мухбирлар билан табиийга айланди. Уларнинг ҳаммаси Бекҳэмга ташланишди: «Дэвид сен бутун жамоага панд бердинг, биласанми? Бутун мамлакатга панд бердинг! Нима қилганингни тушуняпсанми, Дэвид?».

Бу фақат бошланиши эди. Лондон жанубидаги пивохона мижозлари Бекҳэмнинг ашаддий мухлиси сифатида, мундиал олдидан унинг катта манекенини ясатишганди. Энди эса, ҳаммаси ўзгарди, 400 фунтлик манекенни йўл четидаги симёғочга осиб қўйишди. «Улар шунчаки, бутун Англия хоҳлаётган ишни қилишди, холос», - дея оқлади паб хўжайини.

Манчестердаги баптистлар черковига кираверишдаги пештоққа ёзиб қўйишди: «Худо ҳаммани, ҳатто Дэвид Бекҳэмни ҳам кечиради». Турли тазйиқлар, номаълум рақамлардан қўнғироқлар ҳар куни оддий ҳолга айланганди. Ҳатто бир куни Бекҳэм бир конверт олди ва унинг ичида пистолет ўқи бор эди.

Августда, машғулотлардан сўнг, Дэвид ўзининг яқин ўртоғи Дэйв Гарднер билан Манчестердаги Living Room кафесига киришди. Илгари бу жойни Дэвид жуда ёқтирарди, чунки кафенинг доимий мижозлари уни танишса-да, безовта қилишмасди. Хотиржам ўтириш мумкин эди. Энди ҳаммаси ўзгарганди. Футболчилар кириши билан бутун зал жим бўлиб қолди ва худди кинолардагидек нафратли нигоҳ билан Дэвидни таъқиб қила бошлашди. Дўстлар панароқ жой топиб ўтиришди, лекин одамлар уларга шундай қараб туришардики, натижада у ерни бутунлай тарк этишга тўғри келди.

Шундан кейин, энди кўчага бронжилет ва каска тақиб чиқиш лозимлиги ҳақида ҳазиллашиб юришди. «Мен бу воқеаларни кулги билан қарши олишга уринар, шунинг ёрдамида ўзимни хотиржам тутишга уринардим, холос», - деб эслайди футболчи.

Бир куни Дэвид ярим кечаси ғалати овоздан уйғониб кетди. Полицияда унга тезкор чақирув телефонини беришганди, аммо аввалига унинг ўзи нима бўлаётганини билмоқчи бўлди. Пастга тушиб қараганда, девор устида бир одам қимирламай ўтирар ва Бекҳэмдан кўзини узмасди. Даҳшат эди. Бир неча вақт улар шу тариқа бир-бирларига қараб туришди ва кейин Дэвид полиция чақиргани ичкарига кириб кетди. Қайтадан келиб, ойнага қараганида, у одам кетиб бўлганди Бундай вақтларда Дэвид фақат бир нарсадан хурсанд бўларди: яхшиямки, Виктория Нью-Йоркда ва бундай воқеаларнинг гувоҳи бўлмаяпти.

Эндигина 23 ёшга тўлган футболчи учун бу катта синов эди. Матбуот билан гаплашмай қўйди, ота-онасини Манчестердаги уйга кўчириб олиб келди, Викторияга Англияга келишни тақиқлади. Уйдан кўчага чиқмас, клуб унга қўриқчилар тайинлаганди ҳам. Бундай ҳаётдан Италия ёки Испанияга кетиш ҳақида ҳам ўйлай бошлади, лекин «Юнайтед» мухлислари ва жамоадошларининг қўллаб-қувватлаши унга мадад берарди.

«Ҳар хил одамлар сен ҳақингда нима дейишларини ўйлама. Бу ерда сени севишади ва қувватлашади. Қолганларга эса, мавсум бошланганида жавоб беришинг мумкин», - дерди сэр Алекс. «Чемпионатдан сўнг менда янги мавсум олдидан икки йўл қолганди: ё ҳаммаси ёки ҳеч нарса. Мен буни ўз ўйиним билан исботлашим керак» - шу тариқа Бекҳэм янги мавсум у учун энг муҳим ва муваффақиятли бўлиши кераклиги ҳақида қарор берди.

Биринчи ўйин «Лестер»га қарши «Олд Траффорд»да кечди ва мухлислар уни ажойиб қарши олишди.

«Ҳар сафар бурчак тўпи тепиш учун борганимда, минглаб мухлислар ўрниларидан туриб мени олқишлардилар. Шу орқали улар мен билан эканликларини кўрсатишар, бу мен учун жуда аҳамиятли эди. Орқангда «Юнайтед»нинг олтмиш минг мухлиси турса, дунёнинг қолган қисмига қарши бемалол кураша оласан», - деганди Дэвид Бекҳэм.

«Олд Траффорд» уни севар, аммо бошқа стадионларда ундан нафратланишарди.

Иккинчи тур «Вест Ҳэм»га қарши сафарда эди. Стадион ёнидаги автотураргоҳда юзлаб маҳаллий мухлислар Бекҳэмга ҳужум қилишди. У фақат полициячилар ёрдамида ичкарига кириб олди. Бутун ўйин давомида трибуналарда унинг шаънига қичқириқлар тинмасди: «Англиядан йўқол, ҳароми», «Ўғлинг рак бўлиб ўлсин, илойим!».

Бундай муносабат ҳатто учрашув ҳаками Жэвид Эллерэйни ҳам ҳайрон қолдирганди.

«Мен унга яхши гаплар айтиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдим», - деб эслайди Эллерэй, - «ҳакамлар ҳам баъзида хато қилишларини ва бу ҳолатда энг яхшиси ҳаммасини унутиш кераклигини айтдим. Мен шунчаки, фанатларнинг ҳаракатлари уни қуюшқондан чиқариши мумкинлигидан қўрқардим. Аммо унга қойил, жилмайганча, футбол ўйнашда давом этди».

Бошқа стадионларда ҳам Бекҳэм деярли шундай қарши олинди. Мавсум бошида у ажойиб ўйинлар кўрсатди, лекин вазият юмшамас, нафрат давом этарди. Дэвид бирор марта ҳам провакацияларга учмади. Унинг энг яхши ўйинларидан бири Европа Чемпионлар Лигасида «Интер»га қарши кечди. Унинг икки аниқ тўп узатмасидан сўнг, инглизлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Айниқса, Бекҳэм учун бу ғалаба жуда муҳим эди, зеро италияликлар таркибида ўша Диего Симеоне тўп сурарди. Ўйиндан кейин рақиблар баҳслашиб ҳам ўтиришмади, аксинча, либосларни алмашишгач, Симеоне Бекҳэмнинг пешонасидан ўпиб қўйди ҳам.

Шу ўйиндан сўнг барча шубҳалар тарқаб кетди. Кейин қаторасига ғалабалар: Аввалига Англия чемпионлиги (6 гол, 10 ассист) ва Англия Кубоги («Арсенал» билан муҳим ўйинда гол). «Бавария»га қарши тарихий ғалабада ҳам Дэвиднинг ҳизматлари катта - голларга сабаб бўлган ҳар икки бурчак тўпини ҳам айнан у ижро этганди. Ғалаба голидан кейин Дэвид шериклари билан голни нишонлаш учун югурмади. Бурчакдаги байроқча олдида тентаклик билан сакрарди.

«Шу пайтда мен Аргентинага қарши ўйинни эслашга уриндим, аммо негадир, у воқеа шунчаки, даҳшатли тушга ўхшарди, холос», - дейди Дэвид Бекҳэм.

Мавсум охирида у УЕФАдан бир қатор шахсий совринларни ҳам олди. У энг яхши футболчи, энг яхши ярим ҳимоячи ва энг қадрли футболчи сифатида эътироф этилди, йил охирида бўлиб ўтган ФИФА ва «Франс Футбол» сўровномаларида Ривалдодан кейин иккинчи ўринни олди. Ҳаммаси изига тушиб кетди.

Одамлар Бекҳэмдан қандай нафратланганликларини унутиб ҳам юборишди, лекин Дэвид эсдан чиқармади.

Унинг ўзи ҳам кейинчалик тан олишича, матбуот анжуманларида савол бераётган журналистларга қараб, уларнинг юзларини эслашга уринар ва ўша замонларда у ҳақида ёмон гапларни ёзганларни танишга ҳаракат қиларди. Вақт ўтиб, баъзи журналистлар пушаймонликларини очиқ баён қилишди. The Sun муҳаррири Пирс Морган эса ўша дартс билан боғлиқ суратни эслар экан, ходимлари анча ошириб юборишганини тан олди.

Дэвид лекин ҳалигача бир нарсани тушунмайди, шунча нафрат қаердан?

«Мени энг ҳайрон қолдиргани, ҳатто ҳозир ҳам, ўзим улғайиб, ота бўлгач, янада кўпроқ ҳайратланганим, ўша ўзига ғалати ғалати лақаблар қўйиб олган, кўзлари нафратга тўлган оталар, беш-олти яшар ўғилларини етаклаб олиб, мени ҳақоратларга кўмишарди. Ахир ўша болакай кўз олдида бундай ўрнакни қандай қабул қилади?

Уларнинг нафратига футболнинг алоқаси йўқ. Шунчаки улар нафратланишни ёқтирадилар».

Мавзуга оид