Саудия Арабистони лигаси трансфер иштаҳалари ҳозирча Мессининг Америкага кетишига соя солиб турибди. Аслида аргентиналик футболчи минтақадаги футбол тақдирини ҳал қилиши мумкин. Бир пайтлар Америкада футбол борми, деган савол, гўёки ўрта асрлардаги «Америка борми?» саволига ҳамоҳанг янграган бўлса-да, аввалига ЖЧ-94, кейинчалик Бекҳэмнинг Лос-Анжелес клубига ўтиши каби воқеалар эътиборимизни вақтинча бўлса ҳам қаратишга сабаб бўларди. Мессининг трансфери ўша воқеалардан кам эмас, аксинча, ҳатто MLS’нинг келажагини ҳам белгилаб бериши мумкин. MLS нима? У қаердан нафас олади? Ростан ҳам «Интер Майами» АҚШ чемпионатида аутсайдерми? Шулар ҳақида батафсил.

Мессига фақат бир клуб пул тўламайди

Алоҳида олганда, MLS чемпионатидаги ҳеч бир клуб Мессининг харажатларини қоплай олмайди. Испаниянинг Sport нашри хабарига кўра, футболчи Майамида йилига 50 миллион евро ишлаб топади. У катта фарқ билан лиганинг энг юқори даромадли футболчисига айланади, шу билан бирга Шимолий Америкада фаолият кўрсатадиган барча спортчилар орасида ўнликка ҳам кириб олади. Forbes маълумотларига кўра, «Интер» (Майами) 2022 йилда 56 миллион доллар тушум қилган ва 5 миллион доллар зарар билан чиққан. Яъни биргина Мессининг маошини тўлаш учун клуб бир йиллик топган пулининг барчасини ишлатишига тўғри келади.

Европада бундай ҳолатни умуман тасаввур қилиш қийин, айниқса Fair Play шартлари остида. Ўз вақтида Мессининг катта маоши «Барселона»нинг молиявий аҳволига ҳам таъсир кўрсатгани туфайли клуб ҳали ҳам инқироздан чиқиб кета олгани йўқ.

Аммо «Интер»га бутун лига ёрдам беради. Хабар беришларича, Месси даромаднинг маълум қисмини MLS ҳамкорлари бўлган Apple ва Adidas компанияларидан олади, шунингдек, фаолиятини тугатгач, у клубнинг эгаларидан бирига айланади.

Европада бутун лига ва унинг реклама берувчилари бир клубга у ҳатто Месси бўлса ҳам, бир футболчини сотиб олишда ёрдам беришини тасаввур ҳам қила олмайсиз, аммо MLS бутунлай бошқа қоидалар асосида яшайди. Соккер лигаси Шимолий Америка ва дунё тизимининг қоришмасидан иборат бўлган ташкилий тузилмадир.

Олти клубга бир хўжайин

Дэвид Бекҳэм ва унинг бизнесдаги шериклари «Интер Майами» эгалари ҳисобланади. Тадбиркорлар консорциуми клубни бошқаради ва улар эркин, исташса даромад олишади ёки ўз улушларини сотиб юборишади. Аммо юридик томондан клуб уларга тегишли эмас.

MLS анъанавий Шимолий Америка спорт тузилмасини ўзи учун мослаштириб олган. Энг бошида АҚШ спорти асосан университетлар атрофида қурилган, ҳамон талабалар спорти анча оммавий эканини шундан тушуниш мумкин. Ўтган аср бошларида қитъада илк профессионал жамоалар пайдо бўлди, аммо чемпионатлар Европа тизимидан фарқ қиладиган тузилмаларда ташкил қилинган.