Фан-техника | 12:28 / 06.05.2019
10560
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда IT-компаниялар учун имтиёзлар сўрашди

Фото: ЛБМА ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновацион маркази резидентлари ва IT соҳасидаги бошқа ишбилармонлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ЛБМА ахборот хизмати хабарига кўра, тадбирнинг мақсади - мамлакатда “ақлли” бизнесни амалга оширадиган компаниялар нимага муҳтожлигини шахсан ўзларидан ўрганиш, электрон тижорат, логистика, солиқ, юқори технологияга асосланган бизнесни юритиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ва таклиф этилаётган ечимларни ўрганиш.

Тадбиркорлар ўз нуқтаи назарлари ва фикрлари билан ўртоқлашдилар, муаммолар сабабларини ва ҳал қилиш йўлларини таклиф қилдилар. Барчага аён бўлган ягона муаммо – мамлакатда юқори технологияли бизнес билан шуғулланадиган одамлар сони ниҳоятда кам.

Бундан ташқари, бир нечта муаммолар ўртага ташланди:

- бизнинг заиф томонимиз, IT-бизнесни ривожлантириш учун имтиёзлар керак. Имтиёзларнинг бу соҳани ривожлантиришда бўлган ўрни беқиёс, юксалиш учун маблағ ажратишга имконият яратади: масалан, ходимларнинг малакаларини ошириш ёки тажрибали мутахассисларни жалб қилиш имконини беради. Ҳа, сўнги йилларда кўплаб имтиёзлар тақдим этилди, бизнесни юритиш анча енгиллашди. Бироқ барча солиқларни тўлаб бораётган ва барча қоидаларга мувофиқ ўз фаолиятини юритаётган компанияларга осон эмас. Кўпгина масалалар пухта ишлаб чиқилмаган, бунинг натижасида тўғри қабул қилинган қарорлар ҳам амалда самарасиз бўлиб чиқади. Мисол учун MUIC’нинг резидентига айланиш ва имтиёзларга эга бўлиш учун айнан дастурий маҳсулотлар билан шуғулланиш керак. Ўзида кўплаб IT йўналишларини қамраб олган фирмалар қандай йўл тутиши лозим?

- лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш. Ҳозир кредит ставкаси 20-25% гача боради. Масалан, Европада у 7% дан ортиқ эмас. Бундан ташқари, кўп ҳолларда қайси соҳаларга кредит ажратиш лозимлигини аниқлаштириш қийин. IT-бизнесни тезкор ва тўғри баҳолайдиган тизим мавжуд эмас. Барчаси малакали кадрларнинг етишмовчилигига бориб тақалади;

- электрон рақамли имзо (ЭРИ) – ишончли, стандартлаштирилган, технологик, жисмоний имзо учун реал қўшимча бўлиши мумкин. Афсуски, банклар ЭРИ олишга тайёр эмас, шунингдек юридик нуқтаи назардан тўлақонли электрон ҳужжатларнинг етишмовчилиги ҳам таъкидланди;

- давлат муассасаларида муаммоларни ҳал қилишнинг тезлиги ва қулайлиги;

- вазирликлар билан ишлайдиган ва лойиҳаларни бошқарадиган, IT ва бошқа лойиҳаларни ажрата оладиган органнинг йўқлиги;

- интеллектуал маҳсулот ёки роялти учун ажратмалар масаласи. Лицензиялаш бўйича кўплаб қонун ҳужжатлари 10 йил аввал қабул қилинган. Бу вақт мобайнида IT саноати олдинга катта қадам қўйди ва бугунги кунга келиб юқори технологиялар соҳасида лицензиялашни қандай амалга ошириш кераклигини тушуниш қийин бўлиб қолди.

Экспорт, божлар ва хорижий компанияларнинг ўзбекистонлик компаниялар билан ишлашни истамасликларининг сабаблари, импорт, божхона билан боғлиқ бюрократик қийинчиликлар ва бошқа кўп нарсалар ҳақида сўз юритилди.

Мавзуга оид