10:40 / 06.05.2019
8014

Спорт юлдузлари ёшларни оммавий спортга чорламоқда

5 май куни Мирзо Улуғбек туманидаги «Экопарк» ҳудудида «Спорт юлдузлари пойтахт ёшлари билан» шиори остида оммавий спорт тадбири ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда спорт федерациялари (ассоциация) мутасаддилари, спорт фахрийлари, таниқли спортчилар, пойтахт ёшлари ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов президент томонидан илгари сурилган 5та ташаббусдан бири бўлган ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган иккинчи ташаббус бўйича долзарб вазифалар белгиланганини таъкидлаб, ушбу лойиҳа ҳам пойтахт ёшлари ўртасида спортга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ўтказилаётганини маълум қилди.

Тадбирга ташриф буюрган ёшларга ҳамда уларнинг ота-оналарига пойтахтдаги мавжуд спорт секциялари ҳақида маълумотлар жамланган буклетлар тарқатилди. Бундан ташқари, боғ ҳудудига Тошкент шаҳридаги спорт мактаблари ҳақида маълумот берувчи баннерлар жойлаштирилди.

Боғнинг турли бурчакларида спорт турлари бўйича кўргазмали майдончалар ташкил этилди. Ташриф буюрганлар бу ерда ўзларини қизиқтирган спорт тури бўйича кўргазмали чиқишларни томоша қилиш, машҳур спортчилар билан маҳорат дарслари ўтказиб, ўзлари хоҳлаган тўгаракларга аъзо бўлиш имкониятига эга бўлишди.

Тадбир давомида ёшлар ўртасида турли хил спорт ўйинлари ҳам ўтказилди.

Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан ўтказилган ушбу тадбир иштирокчиларига «Шараф лентаси» тарқатилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 482 110 нафарни (226 723 қизлар) ташкил этиб, уларнинг 100 247 нафар яъни 20,7 фоизи мунтазам равишда спорт машғулотларига жалб қилинган.

Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан спорт секцияларига жалб қилинмаган 381 863 нафар ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада, улардан 60 330 нафари, яъни 15,7 фоизи спорт билан шуғулланиш истаги борлиги маълум қилишган.

2019 йилнинг 1 декабрига қадар пойтахтда яна 50966 нафар ёшни спорт машғулотларига жалб қилиш орқали юқоридаги кўрсаткични 40 фоиздан ошириш режалаштирилмоқда.

Бунда, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг битирувчи талабаларидан 84 нафари 23та болалар-ўсмирлар спорт мактабларига ишга қабул қилинади.

Пойтахтдаги барча таълим муассасаларида ҳамда спорт иншоотларидаги мавжуд спорт секцияларига қўшимча равишда яна 393та спорт секциялари ташкил этилади. 

Аҳоли, шу жумладан, банд бўлмаган ёшлар ўртасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жами 640та оммавий спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилади.

Шу билан бирга, ёшларимизда жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган спортчиларни, айниқса, Жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпионлари Тошкент шаҳридаги 11та туманга бириктирилди.

Мавзуга оид
Top