18:22 / 09.05.2019
10567

Танқидий мақолалардан сўнг «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» ишчиларининг муаммолари ҳал этилмоқда. Қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 2 апрель куни «Кечликка моғорлаган нон. «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» ишчилари оғир шароитларда ишлаб, ойлик олишмаяпти» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкасида ишловчи ишчилар оғир шароитдалиги, ойлик маошларини ўз вақтда олишмаётгани ва яна бир қатор муаммолар журналистик суриштирув асосида ёритилганди.

Танқидий мақоладан сўнг «Ўзбекнефтгаз» АЖ мазкур ҳолатлар юзасидан ўрганиш олиб борган, унинг натижалари компания сайтида мақола юзасидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти ўрганиш олиб борилганини ва ишчиларнинг кўрпа-тўшак, чойшаб, ёстиқлари янгилангани, ҳар бир мутахассисга барча хавфсизлик қоидаларига ва заводдаги меҳнат шароитларига мос янги кийимлар берилгани, ишчиларнинг талаб ва истаклари билан жорий йилнинг 19 апрель кунидан нефть ва газ қудуқларини таъмирлаш участка, цех ва хизматларида бир ойлик иш режимидан 15 кунлик вахта асосида 12 соатлик иш режимига ўтказилгани ҳақида маълумот берган эди.

Аммо бу хабар ортидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ «Шўртан» участкаси ишчилари сайтга такрорий мурожаат билан чиқишиб, мақоладан сўнг «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан бир неча ишчига босим кучайгани, уларга тазйиқ ўтказиш бошлангани, мажбурлаб тушунтириш хати ёздиришаётгани, ёзмаганларга эса ишлашга рухсат берилмаётганини билдиришганди.

Шундан сўнг таҳририят томонидан бу борада такрорий ўрганиш олиб борилиб, 28 апрель куни «Танқидий мақоладан сўнг ишчиларга тазйиқ ўтказилди(ми)? Касаба уюшмалари федерацияси ва Меҳнат вазирлиги бу ҳолатга қандай баҳо беради?» номли мақола берилганди.

Мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходимлари ва «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти раҳбарияти томонидан муҳокама этилди. Ушбу муҳокамада таклифга биноан биз ҳам иштирок этдик.

Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходимлари бизга дастлабки мақоладан сўнг бу борада Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгаши томонидан ўрганилгани ҳақида маълумотнома тақдим этишди.

Унда келтирилишича, ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан барча зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Муҳокама жараёнида «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти директори Имом Магомедов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Корхонамизда молиявий муаммолар борлиги рост. Бунинг ортидан бошқа муаммолар ҳам юзага келди. Бу бу ҳолатдан имкон даражасида тезроқ чиқишга ҳаракат қиляпмиз ва бу босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мақолада келтирилган камчиликларни ҳам бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ишчиларнинг кўрпа-тўшаклари янгилаб берилди, 15 кунлик иш режимига ўтказилди ва имкон даражасида махсус кийимлар ҳам берилди. Ойлик маошлари ҳам қисман тўлаб берилди. Жорий йилнинг 15 май кунигача ишчиларнинг ойлик маошларидан қарздорликни тўлиқ узишни режалаштирганмиз. Лекин ишчиларга тазйиқ ўтказилаётгани йўқ. Аммо баъзи ҳолатларни аниқлаштириб олиш учун айрим ишчилардан тушунтириш хати олингани рост», – дейди корхона директори.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев шу куни ўқишда бўлгани учун муҳокама жараёнида иштирок этмади. Ишчиларнинг асосий эътирози ҳам айнан шу масъул ходимнинг тазйиқлари юзасидан эди.

Муҳокама жараёнида кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев томонидан ишга қўйилмаган ишчилар «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ раҳбарияти томонидан ўз ишига қайтарилди. Корхона директори Имом Магомедов ишчиларга ҳеч қандай босим ва тазйиқ ўтказилмаслигини билдирди.

Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходимлари бу борада ўз тавсияларини бериб ўтишди.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ раҳбарияти томонидан ишчиларнинг ойлик маошлари яқин кунларда тўлиқ тўлаб берилиши билдирилди.

Айни вақтда Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши масъул ходимлари томонидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖда қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top