Жамият | 20:50 / 28.04.2019
20966
7 дақиқада ўқилади

Танқидий мақоладан сўнг ишчиларга тазйиқ ўтказилди(ми)? Касаба уюшмалари федерацияси ва Меҳнат вазирлиги бу ҳолатга қандай баҳо беради?

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 2 апрель куни «Кечликка моғорлаган нон. «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» ишчилари оғир шароитларда ишлаб, ойлик олишмаяпти» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкасида ишловчи ишчилар оғир шароитдалиги, ойлик маошларини ўз вақтда олишмаётгани ва яна бир қатор муаммолар журналистик суриштирув асосида ёритилган эди.

Танқидий мақоладан сўнг «Ўзбекнефтгаз» АЖ мазкур ҳолатлар юзасидан ўрганиш олиб борган, унинг натижалари компания сайтида эълон қилинганди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ушбу мақолада келтирилган муаммоларни жойига чиқиб бир гуруҳ ишчилар билан учрашган ҳолда ўрганди.

«Шўртан» участкасидаги посёлка ва участкага қарашли қудуқларни таъмирлаш ишчиларини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳозирча уларнинг истаклари асосидаги келишув билан амалга оширилмоқда. Яъни, ишчилар корхона раҳбариятига овқатланиш учун пул тўланиши ва озиқ-овқат маҳсулотларини ҳар бир гуруҳ ишчилари ўзлари келишган ҳолда ташкил этишлари тўғрисида таклиф киритган. Корхонанинг жамоавий шартномасига тузатишлар ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра ходимларга пластик карточка орқали компенсация пули тўлаб келинмоқда.

Шунингдек, ишчиларнинг кўрпа-тўшак, чойшаб, ёстиқлари янгиланди. Бундан ташқари, ҳар бир мутахассисга барча хавфсизлик қоидаларига ва заводдаги меҳнат шароитларига мос янги кийимлар берилди.

Жамиятнинг қудуқларни таъмирлаш участкаларида ишловчи ходимларнинг талаб ва истаклари билан жорий йилнинг 19 апрель кунидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖнинг нефть ва газ қудуқларини таъмирлаш участка, цех ва хизматларида бир ойлик иш режимидан 15 кунлик вахта асосида 12 соатлик иш режимига ўтказилди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ таркибидаги корхоналарни тўлиқ иш билан таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг иккинчи чорагида 600та қудуқни таъмирлаш юзасидан зарур шартномалар имзоланган.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ масъулларига корхонанинг барча объектларидаги ишчиларнинг самарали хизмат қилиши ва кўнгилдагидек ҳордиқ олиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди», – дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖ Аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва таҳлил қилиш гуруҳи номидан берилган маълумотномада.

Аммо бу хабар ортидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ «Шўртан» участкаси ишчилари сайтга такрорий мурожаат билан чиқишди.

«Танқидий мақоладан сўнг бир ойлик иш режимидан 15 кунлик вахта асосида 12 соатлик иш режимига ўтказилди. Кўрпа-тўшаклар алмаштирилди, махсус кийимлар ҳам берилди. Аммо овқатланиш ва ойлик маош масаласи ҳанузгача ҳал қилиб берилмади. Энг ёмони, мақоладан сўнг «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан бир неча ишчиларга босим кучайди, уларга тазйиқ ўтказиш бошланди. Мажбурлаб тушунтириш хати ёздиришди, ёзмаганларини эса ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айбимиз муаммоларни олиб чиққанимизми? Нега бизга қулларга муносабат қилгандек тазйиқ ўтказишмоқда? Ҳақиқатни айтганимиз учун ишдан бўшатиб юбораверишадими? Бизга ёрдам беринг», – дейилади мурожаатда.

Мурожаат асосида «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ «Шўртан» участкаси ишчилари билан яна бир бор учрашдик ва уларнинг эътирозларини тингладик.

«Корхонамизнинг кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев «танқидий мақоладаги ҳолатлар ёлғон эди, деб ёзиб берасизлар, бўлмаса ишдан ҳайдаймиз», дея тазйиқ ўтказмоқда. Баъзилар ёзиб берди, биз эса ёзмадик. Ҳозир бизга босим янада кучайган», – дейди ишчилар Бунёд Хуррамов, Рустам Хўжамқулов ва Нурпўлат Тошев.

Маълум бўлишича, айнан шу сабаб «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев ишчи Рустам Тўйлиевни ишдан ҳайдаб юборган.

«Ҳозир уйдаман, ишламаяпман. Мақоладаги ҳаммаси ёлғон эди, деб ёзмаганим учун кадрлар бўлими бошлиғи «сенга ишлашга рухсат йўқ, агар шундай деб ёзиб берсанг, кейин рухсат берамиз», деди. Мен эса ёзишни истамадим. Икки марта қабулига кирдим, аммо фойдаси бўлмади ва ишсиз қолдим», – дейди Рустам Тўйлиев.

Дастлабки журналистик суриштирувимизда бизга ҳамроҳлик қилган участка диспетчери Дилмурод Ҳайитов ҳам айни вақтда шундай тазйиқ остида қолганини билдирди.

Мазкур ҳолатлар ва ишчиларнинг эътирозлари асосида «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев билан боғландик. Ишчилардан қонуний тарзда тушунтириш хати олаётганини айтиш билан чекланган мутасадди бошқа маълумот беролмаслигини билдирди.

Участка катта устаси Гулмурод Донаев билан ҳам суҳбатлашдик.

«Ишчиларимиз кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев ва бошқа мутасаддилар томонидан қаттиқ босим остида қолгани рост. Танқидий мақоладаги ҳолатлар ёлғон эди, деб ёзиб бермагани учун участка бошлиғига айтиб, тўрт нафар ишчининг устидан билдирги ёздирди. Шу асосда энди ишга қўймаяпти. Ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган корхона касаба уюшмаси ҳам улар томонда бўлиб, ишчиларга босим ўтказишмоқда. Кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев хоҳлаган ишини қилиб, ишчиларга тазйиқ ўтказмоқда. Бизни улардан ҳимоя қиладиган ташкилотлар борми ёки улар ишчиларга нисбатан шундай ноҳақликларни давом эттираверишадими?», – дейди Гулмурод Донаев.

Ушбу эътироз юзасидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси бошлиғи Шермат Инатовдан изоҳ сўрадик.

«Кадрлар бўлими бошлиғи Акобир Баракаев «тушунтириш хати ёзмаганларни ишга қўймайсан», дея талаб қўйган ва мен буни бажаришга мажбурман. Уларни устидан билдирги ёзиб беришимни айтди ва ёзиб бердим», – дейди Шермат Инатов.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ танқидий мақолага муносабат билдириб расмий маълумот берганди. Аммо ишчиларга ўтказилаётган тазйиқлардан кўриниб турибдики, корхона фаолиятида бартараф қилиниши лозим бўлган муаммолар талайгина.

Маълумки, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат билан боғлиқ барча ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. Ахир, улар ойлик маошларидан белгиланган аъзолик бадалларини тўлаб келишмоқда. Қолаверса, Меҳнат вазирлиги ҳам бу муаммога жиддий эътибор қаратиб, ишчиларга ўтказилаётган тазйиқлар юзасидан тегишли ишларни амалга ошириши лозим.

Kun.uz «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ ишчиларига қилинаётган муносабат тегишли идоралар томонидан ўрганилиши, ҳуқуқий баҳо берилиши ва зарур чоралар кўрилишига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид