Kun.uz таҳририятига «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкасида ишловчи бир гуруҳ ишчиларидан мурожаат келиб тушди.

«Биз изғиринли совуқ кунларда ҳам, жазирама иссиқда ҳам берилган вазифаларни бажариш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо меҳнатимиз раҳбарият томонидан етарлича қадрланмаяпти. Уч-тўрт ойдан буён ойлик маошларимиз берилмаяпти. Овқат пули энг кам иш ҳақининг бир баравари этиб белгиланган, аммо етмайди. Уни ҳам вақтида ололмаймиз. Оғир шароитда яшаб, ишламоқдамиз. Бир ой давомида уйга бормасдан, ётиб ишлаймиз. Ўн беш кунлик режимга ўтказишини сўраб, қилган мурожаатларимиз ҳам эътиборсиз қолдирилмоқда. Махсус кийимларни бир неча йиллардан буён олмай келяпмиз. Моддий аҳволимиз жуда оғир. Оиламиз ҳам бундан азият чекмоқда. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида корхонанинг Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида жойлашган бир нечта объектларида бўлиб, ишчиларнинг яшаш ва иш шароитлари билан танишдик. Ишчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

Дастлаб, «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси, «Қоратепа 20-қудуқ» объектида ишлаётган ишчилар билан учрашдик.

«Ишчиларнинг яшаш шароитини кўриб турибсиз. Шароит оғир. Ойликлар ўз вақтида берилмайди. Анчадан буён ойлик олмадик. Охирги марта декабрь ойи учун маошнинг бир қисми берилган, тўлиқ эмас. Январь, февраль, март ойлари маошларини қачон олишимиз аниқмас. Бир йилдан буён шу аҳвол. Ишчиларга махсус кийим берилиши керак, аммо бир неча йиллардан буён берилгани йўқ. Кунига 12 соатдан ҳам ишлашади, ишчилар етишмайди. Аммо табель 8 соатдан тўлдирилиб, маош ёзилади. Овқат пули кам, ишчилар ўз ҳисобидан овқатланишга мажбур. Ўзингиз уларнинг яшаш ва иш шароити билан танишсангиз, бунга   гувоҳ бўласиз», – дейди бизга ҳамроҳлик қилган «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси катта устаси Гулмурод Донаев.

Ишчилар вагонларда яшашар экан. Уларнинг яшаш шароити билан танишар эканмиз, аҳвол ҳақиқатан ҳам ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик. Ётоқхона ва ошхона антисанитар ҳолатда. Ёнғин хавфсизлиги меъёрларига амал қилинмаган.