18:50 / 12.05.2019
11828

Ҳақиқий мусулмон - ҳаётининг ҳар бир жабҳасида самимий бўлганидир

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Насиҳат – Исломнинг асоси”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий шарҳлаб берди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам диннинг ажойиб мазмун-моҳиятини англатмоқдалар. Айтдиларки: “Дин – насиҳатдур”.

Саҳобалар, албатта, тушунмадилар ва дарҳол сўрашди: “Ким учун насиҳат бўлади Ё Расулуллоҳ?”. “Аллоҳ учун”, деб жавоб бердилар Пайғамбар алайҳиссалом. Дин – Қуръон китоби учун, Пайғамбари учун, мусулмонларнинг раҳбарларига, халқ учун насиҳат, дедилар Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам. 

Муҳаддисларимиз бу ҳадисни тушунишимиз учун “ан-насиҳа” сўзини “самимият” маъносида тушунинглар, деб ўргатишган. Шунда осонроқ тушунамиз. Насиҳат, аслида, жумлалардан териб олинган дурдона дегани. “Дин – насиҳатдур” деган жумлани “дин – самимият” деб тушунишга ҳаракат қилайлик. Дин ким учун самимият – Аллоҳ учун. Яъни, Аллоҳга иймон келтириш, уни Роббим деб билиш – мана шу самимият. Ёки Қуръонга насиҳат, самимият - бу китобнинг Аллоҳнинг каломи деб билиш, унга иймон келтириш, уни ўқиб-ўрганиш ва амал қилиш. Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини бажариш, у кишини яхши кўриш, сийратларини ўрганиш – бу ҳам самимият, насиҳат. Мусулмонларнинг раҳбарларига самимият қандай бўлади? Бу уларга бўйсуниш, эргашиш, беғараз ва содиқ бўлишда ўз аксини топади. Халққа насиҳат қилиш нима дегани? Бу бутун халқ билан самимий бўлишдир. Мана шуларнинг барчасини жамлаб туриб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “дин” деяптилар.

Дин – бу ҳаёт дегани. Агар биз мазкур ҳадисга амал қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида самимий бўлсак, (у савдода бўладими, ишхонамизда бўладими, оиламиздами, ибодатхонадами, кўчадами, жамоат жойидами) тилимиз ва қўлимиз билан мусулмонларга озор бермаган ҳақиқий мусулмон бўламиз.

Top