Жамият | 18:38 / 13.05.2019
11249
3 дақиқада ўқилади

Инсоннинг жонига ва молига тажовуз - оғир гуноҳ

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Мусулмон қони ва молининг ҳаромлиги”, деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: mover (Tas-IX)
 

Ушбу ҳадис Имом Бухорий роҳматуллоҳу алайҳнинг саҳиҳларида келади. 
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз видолашув ҳажига борган пайтларида ҳаж куни, яъни, Қурбон ҳайити куни Минода одамларга хутба қилдилар: - “Эй инсонлар, мана бу кун қайси кун?” - Бу ҳурматли кун, дедилар. Яна айтдилар, биз турган шаҳар қандай шаҳар? – Яна айтишдики, бу ҳурматли шаҳар. Пайғамбаримиз яна сўрадилар: Бу қайси ой? Жавоб беришдики, бу ой ҳурматли ой, зулҳижжа ойи, яъни, Аллоҳ таоло ҳурматли қилган тўрт ойдан бири”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Сизларнинг молларингиз, қонларингиз ва обрў-иззатларингиз худди мана шу кундагидек, мана шу шаҳардагидек ва мана шу ойдагидек ҳурматлидир. Яъни, уларга тажовуз қилишлик – ҳаром”. 
Шундан сўнг, бошларини осмон томон кўтариб: “Эй Аллоҳим, мен сенинг омонатингни инсониятга етказа олдимми?”, деб айтдилар.


Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумо айтади: “Мени жоним қўлида бўлган зот, яъни Аллоҳга қасамки, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг бутун умматларига қилган васиятлари эди. Шунинг учун айтдиларки, мана шу ерда шоҳид бўлиб, гапларимни тинглаётган кишилар ҳозир бу ерда бўлмаган ва келажакда бўладиган кишиларга гапларимни етказишсин.
Мендан кейин ҳеч бирингиз бир-бирининг бўйнига қилич солиб ўлдирадиган кофирларга айланиб кетманглар”.
Бу ҳадиси шариф Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуда катта жамоат тўпланган видолашув ҳажида айтган хутбалари. 
Ҳадисни мазмун-моҳиятидан кўринадики, мўмин-мусулмонларнинг қони, моли, уларнинг обрўси ҳам худди Қурбон ҳайити, мўмин-мусулмонлар учун азиз ва ҳурматли бўлган кунлардагидек, ўша ҳаж амали бажарилаётган Мино, Арофот, Масжидул ҳаром атрофлари ва ибодат адо этилаётган, Аллоҳ таоло муқаддас қилган зулҳижжа ойи каби ҳурмат қилиниши керак. 
Айни пайтда, буни таъкидлаш билан, мўмин-мусулмонлар учун энг муҳим масалани айтганига Аллоҳ таолони гувоҳ қилиб қўйдилар.

Ҳадис ровийси,  Ибн Аббос розиаллоҳу анҳу айтади: Аллоҳга қасамки, бу Аллоҳнинг қиёматга қадар келадиган барча умматларига У кишининг васиятлари эди. 

Бу ҳадис инсоннинг жонига ва молига тажовуз, қадри поймол қилиниши - оғир гуноҳ эканлигидан далолат беради.

Мавзуга оид