Ўзбекистон | 11:25 / 15.05.2019
3318
2 дақиқада ўқилади

Кореялик инвесторлар Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантиради

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида тиббиёт ва фармацевтика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев айни пайтда Жанубий Кореяда ташриф билан бўлиб турибди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, ташрифнинг дастлабки кунида Ўзбекистон делегацияси Корея Республикаси Саноат, савдо ва энергетика вазири Сонг Ю Мо билан учрашди. Мулоқотда вазири Сонг Ю Мо кореялик инвесторлар Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаб ўтди.

«Дарҳақиқат, мамлакатимизда фармацевтика соҳасига инвестиция жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2018 йилда республика ҳудудларида фармацевтика тармоғида умумий қиймати 96,26 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган ҳолда 34та лойиҳа ишга туширилиб, 1501та янги иш ўрни яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан эса жорий йил давомида фармацевтика тармоғида умумий қиймати 216,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги 20та лойиҳа амалга оширилиши ва натижада 2218та янги иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилгани диққатга сазовор», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 159та фармацевтика корхоналари фаолият юритмоқда. Уларнинг 90таси дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, 58таси тиббиёт буюмлари, 11таси эса ташхис ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналардир. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 35 фармакотерапия гуруҳидан 26 гуруҳга киритилган препаратлар ишлаб чиқарилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид