Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазабланган инсоннинг чиқарган ҳукми ҳам адолатсиз бўлади
«Кун ҳадиси» дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни «Ғазабдан сақланиш» деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Ўзбекистон мусулмонлар идораси котибияти мудири Муҳаммадаюбхон Ҳамидов шарҳлаб берди.
Видео: Youtube
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазабланма!”, - дедилар.Шундан сўнг буни бир неча марта такрорлаб: “Ғазабланма!” дедилар» (Бухорий, Термизий, Аҳмад ривоятлари).
Ғазаб масаласини ҳаммамиз биламиз. Инсон қачонки ғазабланар экан, ўз бошқарувини йўқотади. Ғазабланган инсон атрофдагилар билан муомалада ўз мезонидан чиқади.
Ғазабланган киши инсонлар орасида ҳукм чиқарар экан, бу ҳукм ҳам адолатсиз бўлади.
Ғазабланган кишининг муомаласи агар ўз аёли билан бўлса, Худо кўрсатмасин, талоқ билан ва агар ўз фарзандлари билан бўлса, оқ қилиш билан ҳам якунланиш эҳтимоли бўлади.
Ана шу эҳтимолдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ғазабланма!” дедилар ва буни бир неча марта қайтардилар.
Пайғамбаримизнинг «Ғазабланма» деган сўзларининг маъноси «ғазабингни юзага чиқарма» деганидир. Умуман ғазабланмаслик лозим дегани эмас. Чунки ғазаб инсон фитратида бор бўлиб, ундан қутулишнинг имкони йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: «Ғазабдан сақланинг Чунки ғазаб одамзот ичида ёниб турган бир чўғдир. Сизлардан бирингиз ғазабланганингизда кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиққанини кўрмадингизми? Агар қай бирингиз ўзида ғазаб аломатларини сезса, ётиб олсин ёки ўтириб олсин» (Термизий ва Аҳмад ривоятлари).
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда ушбу воқеа сал бошқачароқ шаклда айтилади. Унга кўра, Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: «Ё Расулуллоҳ, менга бир илм ўргатинг, у мени жаннатга яқинлаштирсин ва жаҳаннамдан узоқлаштирсин». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазабланма, сенга жаннат бўлур», деб жавоб бердилар.
Пайғамбаримиз яна марҳамат қиладилар: «Ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Оловни сув ўчиради. Бас, қайси бирингиз ғазабланса, таҳорат олсин» (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, ғазаб қилмасликнинг натижаси жамият аъзоларини бир-бирига ўзаро яқинлаштиради.
Мавзуга оид
22:39 / 11.06.2019
Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг ҳам айбларини яширади
18:51 / 10.06.2019
Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, уни хорламайди ва ёлғон сўзламайди
19:11 / 08.06.2019
“Кун ҳадиси”: “Қайси бирингиз бир ёмонликни кўрса, уни қўли билан тузатсин...”
18:54 / 06.06.2019