13:22 / 21.05.2019
2763

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Дори воситалари экспорти ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан ошди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида дори-дармон таъминотини янада яхшилаш ва фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

«Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «2019 – 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳадаги ислоҳотларнинг изчил ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда республикамизда фаолият юритаётган 162та корхонадан 90тасида дори воситалари, 61тасида тиббий буюм ва 11тасида дори воситаси ва тиббий буюмлар ишлаб чиқармоқда. Ишлаб чиқарилаётган 2486дан ортиқ дори воситалари ва 199та тиббиёт буюмлари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилиб, давлат рўйхатига олинган. 19та фармацевтика корхоналарининг 100га яқин турдаги маҳсулотлари халқаро фармацевтика бозорига, шу жумладан, АҚШ, Франция, Германия ҳамда Европанинг бошқа мамлакатлари ва МДҲга экспорт қилинмоқда.  Бундан ташқари, фармацевтика соҳасига хорижий инвестицияларни  жалб қилиниши ҳисобига 26та қўшма корхона фаолият кўрсатмокда. Эркин иқтисодий зоналарда ташкил этилаётган барча ишлаб чиқариш корхоналари қатори, фармацевтика корхоналарига ҳам имтиёзлар берилиши соҳа ривожига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Эътиборли жиҳати, маҳаллий ишлаб чиқарувчи 27та корхона томонидан 25 фармакотерапевтик гуруҳга мансуб дори воситалари ва 10 номдаги тиббий буюмлар 14та хориж давлатига, жумладан, АҚШ, Германия, Россия, Франция ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Корхоналар томонидан экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 2018 йилнинг 1 чорагига нисбатан 134,6 фоизга ошди. 6та янги фармацевтик бозор – Жанубий Корея, Туркия, Молдова, Тожикистон, Беларусь ва Яман давлатлари бозорлари ўзлаштирилди», Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top