Бугун, 26 феврал куни жами 23 киши айбланаётган «Док-1 Макс» иши доирасида суд ҳукми эълон қилинди.

Судланувчиларга нисбатан қуйидаги жазо чоралари тайинланди:

Сингҳ Рагвендра Пратар (1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28, 209-моддаси 1-қисми билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2, 3-бандларига асосан оқланди. Сингҳ Рагвендра Пратап Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингҳ Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди.

Б.Қамбаралиев (1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н.Мирзааҳмедова (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н. Мирзаахмедовага нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Э.Мирзааҳмедов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.