«Гигантлар уруши»: Google Хитойдан ўч олди (ми?)
Америка Қўшма Штатлари Huawei ва унинг 70та бўлинмасини "миллий хавфсизликка зид фаолияти" учун “қора рўйхат”га киритиб, Хитой билан савдо урушини янги босқичга олиб чиқди. Бунинг оқибатида, Американинг Broadcom Limited, Xilinx, Qualcomm ва Intel компаниялари Хитой корпорацияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Аммо энг шов-шувли хабар санкцияларга Google ҳам қўшилганлиги бўлди. Huawei гаджетларида Android янгиланмайди, кейинги авлод смартфонлари эса Google хизматлари Google Play, Google Chrome, Gmail, YouTube, харитага кира олмайди.
Бу қадамнинг миқёсини англаш учун жорий йил биринчи чорагида жаҳон бўйича сотилган смартфонлар статистикаси билан танишиш кифоя.
Дастлабки уч ойда Huawei бозорда иккинчи ўринни сақлаб қолиш билан бирга, етакчига яқинлашиб ҳам олди. Samsung — бозорнинг 23,1 фоизини эгаллаган бўлса, Хитой корпорацияси ўз улушини 11,8дан 19 фоизга етказди. Apple улуши ушбу давр ичида 15,7дан 11,7 фоизга камайди.
Ушбу вазиятда Google билан боғлиқ муаммо Huawei учун оғир зарба бўлади. Яқин келажакда Хитой смартфонларидан оммавий равишда воз кечиш ва рақобатчи брендларга ўтиб кетиш кузатилиши мумкин.
Бу ерда Huawei’га зарба бериш орқали нафақат сиёсий вазифаларни ҳал қилаётган, балки Америка бизнесини жиддий қўллаб-қувватлаётган Вашингтоннинг ихтирочилигига тан бериш керак. Гап биринчи навбатда ўз молиявий кўрсаткичларини яхшилаши, келажакда эса жаҳон миқёсида иккинчи ўринга қайтиши мумкин бўлган Apple ҳақида бормоқда.
Энди жаҳондаги энг оммалашган операцион тизимдан четлатилган Huawei қандай йўл тутишини кузатиш қолди.
Бу ҳолат Google’нинг Пекин билан алоҳида муносабатларини ҳам акс эттиради, чунки Хитойда ушбу интернет-гигант деярли ишламайди. Бунинг сабаби эса Америка корпорацияси Хитой ҳукумати билан курашда мағлубиятга учраганидир.
Google Хитой бозорига 2000-йиллар ўрталарида кириб келган. Бир неча йилдан сўнг компания маҳаллий қонунчиликка бўйсунган ҳолда цензуралаш орқали бўлса ҳам мамлакат қидирув бозорининг учдан бир қисмини назорат қила бошлади.
2009 йилнинг иккинчи ярмида Америка компанияларига, хусусан, Yahoo, Morgan Stanley, Adobe Systems ва бошқаларга қатор киберҳужумлар уюштирилди. Бу ҳужумларда Хитой ҳукумати ва ҳарбийлари билан алоқадор дейилган хакерлар айбланди.
Воқеадан жабр чеккан Google ҳам 2010 йилда Хитой бозорида цензуралаш сиёсатини тўхтатишини маълум қилди.
Пекин ва Google орасида муносабатларни ойдинлаштириб олиш даври бошланди. Америкаликлар ҳеч хавфсирамасдан очиқ низога боришди. Охир-оқибат Хитойда компаниянинг асосий маҳсулот ва сервислари тақиқланди, компания бозорни намойишкорона тарк этди.Чамаси, Google Пекин ялиниб келишига қаттиқ ишонганди. Аммо акси бўлди. Бунинг устига, Huawei дунёни забт эта бошлади.
Шу тарзда, Google’нинг Huawei’га қарши ҳаракатини нафақат ҳукумат босими остидаги мажбурий чора, балки дунёдаги энг йирик интернет бозорини тарк этишга мажбур қилган Хитой ҳукуматидан ўч олишга уриниши деб баҳолаш мумкин.
Мавзуга оид
20:53 / 21.11.2024
Google ўзининг Gemini чатботига фойдаланувчининг шахсий маълумотларини эслаб қолиш функциясини қўшди
17:51 / 19.11.2024
Bloomberg: АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼдан Chrome’ни сотишни талаб қилади
22:46 / 18.11.2024
Google почтани спамлардан ҳимоя қилувчи янги функцияни ишга туширади
22:19 / 14.11.2024