19:01 / 04.06.2019
8053

Аллоҳга маҳбуб банда дунёнинг қийматини қалбига киргизмайди

“Кун ҳадиси” дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни “Ҳақиқий зуҳд” деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом-хатиби Саҳобиддин Сотимов шарҳлаб берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix) 

Саҳл ибн Саъддан (р.а) ривоят қилинади:

“Бир одам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. Ва Расулуллоҳга: “Эй Аллоҳнинг Расули. Бир амалга мени буюрингки, бу амал мени Аллоҳга ҳам, инсонларга ҳам суюкли қилсин. Мана шу амал билан Аллоҳнинг ҳам, инсонларнинг ҳам муҳаббатини қозонай”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё ишларида зоҳид бўлгин, Аллоҳ сени севади. Ва инсонлар ўртасидаги нарсаларда ҳам зоҳид бўлгин, инсонлар ҳам севади”, дедилар.

Зоҳид дегани, дунё ишларидаги матоҳларга қиймат бермасликдир. Яъни, дунёдан эҳтиёжига яраша фойдаланиш зарур, бироқ дунёни қалбга киритмаслик даркорлигини англатади. Мана шунда дунё қалбга кирмайдиган нарсага айланади. Мана шунда Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш мумкин бўлади. 

Инсон ярим коса таом билан тўйинади, эгни учун битта либос билан усти ёпиқ бўлади. У ҳашаматли қасрда ҳаёт қилса ҳам, оддий бир кулбада яшаса ҳам инсоннинг умри ўтаверади. Аммо инсон мана шу дунёда Аллоҳ берган неъматларни қалбига киргизмасин. Аллоҳнинг ҳузурида маҳбуб бўлган банда дунёнинг қийматини қалбига киргизмайди. Уни Роббидан устун қўймайди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ўртасидаги нарсага ҳам қиймат бермагин дедилар. Яъни, инсонларнинг ўртасидаги нарсани худбинлик билан ўзингники қилиб олишга уринмагин, деган маънони англатади. Эҳтиёжга кераклигини олиш, ундан ортиғига эгалик қилишга шошилмаслик лозим.

Top