00:52 / 04.06.2019
13270

Ироқда Франциянинг 11 фуқаросига ўлим жазоси тайинланди

Фото: AFP

Ироқ суди Франциянинг ИШИД билан алоқадорликда гумон қилинган 11 фуқаросига ўлим жазоси берди. Бу ҳақда France 24 телеканали хабар қилди. 

Таъкидланишича, Бағдод суди 3 июнда Суриядан Ироққа ўтказилган 11 француздан охирги 2 нафарига ўлим жазоси ҳукмини чиқарган. Судланувчилар ушбу ҳукм юзасидан 30 кун ичида шикоят қилишлари мумкин бўлади.

Таъкидланишича, 2018 йил бошидан Ироқда 500 дан кўпроқ хорижлик ИШИД билан алоқа учун турли муддатларга қамоқ ва ўлим жазосига маҳкум қилинган. Бироқ улардан ҳали бирор нафари қатл этилмаган.

Ироқ қонунчилигига кўра, террорчилик гуруҳига қўшилганларга ўлим жазоси тайинланиши мумкин. Бундай қарор чиқарилишига жанговар ҳаракатларда иштирок этиш шарт ҳам эмас.

Бундан аввалроқ, 26 майда Бағдод суди ИШИДга аъзо 3 нафар французга ўлим жазоси чиқарган. Бунгача ИШИД сафига қўшилган бир неча французга умрбод қамоқ жазоси тайинланган. 

Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоялаш халқаро ташкилоти Ироқ судларини тез-тез ўлим жазоси ҳукмларини чиқариши учун танқид қилиб келади. 2017-2018 йилларда бундай жазо ҳукмлари сони 65 тадан 271 тагача ошган.

Top