Ўзбекистон | 12:00 / 05.06.2019
35578
3 дақиқада ўқилади

Интернет тезлашганини аҳоли нима учун сезмаяпти? 

Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида «Телекоммуникация соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари» мавзусида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Унда «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг тижорат масалалари бўйича директори Алишер Зуфаров ва бошқа мутасадди ходимлар ОАВ вакиллари мурожаат қилган саволларга жавоб беришди.

Жумладан, «Ўзбекистонда интернет тезлиги қачон ҳақиқатан ҳам 10 баробарга оширилади?» деган саволга Зуфаров қуйидагича жавоб қайтарди:

«Ўзбектелеком» АК томонидан Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шу тариқа ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 баробар: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди.

Бу — Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 марта яхшиланди, дегани. Энди эса кабеллар ва бошқа интернет қурилмаларини янгилаш, ана шу тезликка мослаш керак. Ҳозирги вақтга қадар 4 минг км.дан ортиқ мис кабеллар янгиланди, XDSL технологияси ёрдамида хизматлар сифати яхшиланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 2 минг 408 та кўп қаватли уй, 1108 та мактаб замонавий алоқа хизматлари билан таъминланди. 

«Ўзбектелеком» АК ва бошқа ижтимоий объектлар учун GPON технологиясидан фойдаланган ҳолда замонавий телекоммуникация хизматларини тақдим этиш учун 5000 км.дан ортиқ оптик-толали алоқа линиялари йўлга қўйилмоқда».

Ўзбекистон интернет рейтингида қачон кўтарилади?

«Ўзбектелеком» матбуот котиби Александр Сучковнинг айтишича, Ўзбекистон аслида рейтингда анча юқори ўринда бўлиши керак. Чунки қўшни мамлакатларда 4G интернетнинг ўзи йўқ.

«Айрим рейтингларни кўриб, нега бу қадар паст поғонада эканимизга ўзимиз ҳам ҳайрон қоламиз», – деди Александр Сучков.

Интернет тезлашганини аҳоли нима учун сезмаяпти?

«Чунки уларнинг уйларига, офисларига ўрнатилган қурилма бу тезликка жавоб бермайди. Тасаввур қилинг: сизга трассада соатига 200 км тезлик билан ҳаракатланиш рухсат этилган бўлса-ю, сизнинг транспортингиз бу тезликка мослашмаган бўлса, бари яратилган имконият бефойда. Аввал қурилмани алмаштириш керак», – деди Сучков.

Мавзуга оид