Ўзбекистон | 18:17 / 19.09.2025
5903
2 дақиқада ўқилади

Телекоммуникация операторларига ташқи интернет каналларига уланишга рухсат берилди

Ўзбекистонда хусусий телекоммуникация операторларига тажриба тариқасида 2030 йилгача халқаро интернет каналларга уланишга рухсат берилди. Бунинг учун улар бир неча талабларни бажариши керак. Бугунги кунда мамлакатнинг деярли барча провайдерлари «Ўзбектелеком» компаниясининг Халқаро пакетли коммутация маркази орқали интернетга уланиш имкониятига эга.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда фаолият юритаётган телекоммуникация операторларига тажриба тариқасида 2030 йилгача халқаро интернет каналларга уланишга рухсат берилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 18 сентябрдаги «Телекоммуникация бозорини босқичма-босқич либераллаштириш ва рақобат муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (.pdf) назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, мамлакатда мобил ёки симли тармоқларга эга бўлган, бироқ халқаро интернет тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқига эга бўлмаган телекоммуникация операторларига 2030 йил 1 январга қадар тажриба тариқасида шундай ҳуқуқ берилади.

Уланишни мувофиқлаштириш учун масъул орган — Рақамли технологиялар вазирлиги, ишчи орган — «Республика телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази» ДУК этиб белгиланди.

Ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, ахборот ва миллий хавфсизликни таъминлашда телекоммуникация компанияларининг инвестициявий фаоллигини рағбатлантириш ва халқаро интернет тармоқларига уланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.

Ҳукумат, шунингдек, халқаро интернет тармоқларига уланиш ҳуқуқини олишни истаган телекоммуникация операторлари учун вақтинчалик талаблар ва шартларни тасдиқлади. Жумладан, уланишни Халқаро интернет тармоқларига уланиш марказлари (ХИТУМ) орқали амалга ошириш, мамлакат ҳудудининг камида 50 фоизини қамраб олган магистрал оптик толали тармоқларга, шунингдек, ўз телекоммуникация инфратузилмасига эга бўлиш.

Бугунги кунда деярли барча провайдерлар «Ўзбектелеком» компаниясининг Халқаро пакетли коммутация маркази орқали интернетга уланиш имкониятига эга. Шунингдек, интернетга уланиш хизмати (улгуржи даражада) ҳам «Ўзбектелеком» ихтиёрида қолмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид