Спорт | 11:00 / 07.06.2019
19170
9 дақиқада ўқилади

Промес — Англия жаллоди. Кулгили хатолар ва нидерландларнинг қасоси

Пенальти, де Лигтнинг жавоби, инглизларнинг ҳисобга олинмаган голи, Уокернинг автоголи ва Промеснинг якуний зарбаси. Нидерландия Миллатлар лигаси финалида.

Миллатлар лигаси. A дивизиони. 1/2 финал
Нидерландия - Англия - 1:1, қўшимча вақтларда 3:1. (0:1, 1:0, 2:0)
Голлар: Рэшфорд, 32 - пенальти (0:1). де Лигт, 73 (1:1). Уокер, 97 - автогол (2:1). Промес, 114 (3:1). 
Нидерландия: Силлессен, Дюмфрис, де Лигт, ван Дейк, Блинд, Ф.де Йонг (Стротман, 114), Вайналдум, де Рон (ван де Бек, 68), Бергвайн (Преппер, 91), Депай, Бабел (Промес, 68).
Англия: Пикфорд, Уокер, Стоунс, Магуайр, Чилвелл, Баркли, Делф (Хендерсон, 77), Райс (Алли, 106), Стерлинг, Санчо (Лингард, 61), Рэшфорд (Кейн, 46).
Огоҳлантиришлар: де Лигт, 30. Дюмфрис, 45. Кейн, 70. ван де Бек, 106. 
Ҳакам: Тюрпен (Франция).
6 июнь. Гимарайнш. «D. Afonso Henriques» стадиони.

Португалияда Миллатлар лигасининг иккинчи яримфинали Англия ва Нидерландия ўртасида кечди. Бу икки мамлакатнинг сўнгги тўқнашувини барча яхши эслайди. «Аякс» - «Тоттенҳэм». Кейин эса инглизча финал. Бу сафар ҳам Англия устун келадигандек кўринганди.

Нидерландча уйғониш
Шундай тасаввур уйғонадики, Миллатлар лигаси фақат Нидерландиядаги уйғонишни кузатиш учун ўйлаб топилгандек. Янги турнир Роналд Куманнинг жамоасини сайқаллашда фойдаланиладиган полигонга айланиб кетди. Эҳтимол унга одатдаги назорат ўйинлари ҳам етарли бўлиши керак эди, аммо у натижа учун ўйнаш талаб этилган ҳолларда ҳам у тажриба қилишда давом этмоқда.

Куман терма жамоадаги дебютини 2018 йил мартида Англияга қарши ўйинда бошлаганди ва ютқазганди (0:1). Ўтган йилда Гарет Саутгейт жамоаси ЖЧ-2018 медалларига етишига бир бахя қолганди ва энди жамоа янада юқорилаш кайфиятида. «Кучли тўртлик финали» ўйинлари бошланиши арафасида Стерлинг ишонч билан гапирди: «Миллатлар лигасидаги муваффақият «Уч шерлар»га ишонч бағишлайди ва шундан кейин жамоамиз халқаро майдонларда ғалабаларга эришишни бошлайди».

Раҳим учун Гимарайншдаги ўйин миллий терма жамоа сафидаги 50-ўйин бўлди ва у юбилей ўйинига инглизларни сардор сифатида бошлаб тушди.

Де Лигт учун омадсиз бўлим
Англияда ҳозирда ёш талантлар оқими кузатилмоқда ва Саутгейт (ван Дейк ва Вейналдумни асосий таркибда ўйнатаётган Кумандан фарқли равишда) Чемпионлар лигаси финалчиларини майдонга туширмаслиги ҳам мумкин. Лекин «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» футболчилари ЕЧЛ финалидаги иштирок туфайли терма жамоага бошқаларга қараганда кеч қайтмаганида ҳам бош мураббий ҳали формасини тикламаган Кейнни майдонга туширмаслик учун асослар етарли эди. Чиндан ҳам, ихтиёрингда Рэшфорд, Санчо ва Стерлингдан иборат ҳужум учлиги бўлатуриб мавсумнинг иккинчи қисмини жароҳат туфайли ўтказиб юборган футболчига эҳтиёж сезиш мумкинми? Айтиш жоизки, Стерлинг агар бўйи баландроқ бўлганида идеал ҳужумчи бўларди - у ўйин дебютида рақиб жарима майдони ҳудудида Санчонинг юмшоқ узатмасини қабул қила олмади.

Ўз навбатида, Депайга марказий ҳужумчи эмаслиги ҳисобни очишга халал берди. Жуда қулай вазият пайдо бўлганида у зарба бериш учун ортиқча вақт сарфлаб юборди ва тўпни йўқотди. Кейинроқ эса прагматик ҳаракат қилган ва ҳозирги таркиби турнирларда нисбатан тажрибали бўлган Англия ўз имкониятини қўлдан чиқармади. Аниқроғи, де Лигтнинг хатосини пойлаган Рэшфорд пенальти ишлади ва ўзи уни аниқ ижро этди.

Ҳозирги кунда жаҳоннинг энг умидли ёш ҳимоячиларидан бири бўлиб турган де Лигт эса пенальтидан кейин ҳам хатолар қилди ва вазиятлардан бирида Санчо тўпни оёқлари орасидан ўтказишига йўл қўйиб, ҳужум ривожини тўхтата олмади.

Рэшфорд дубль қилишига фақатгина қаердандир етиб келган Дюмфриснинг тўпга ташланиши ғов бўлди. Де Лигт фақат бўлим охирига бориб ўзини қўлга олди ва иккинчи қаватда ҳисобни тенглаштиришга яқин келди.

VAR Англияга қарши
Иккинчи бўлимга Англия Кейн билан тушди, у биринчи бўлимда кичик жароҳат олган Рэшфордни алмаштирди. Ҳарри сардорлик боғичини Стерлингдан қайтариб олди, инглизлар иккинчи бўлимни ҳам фаолроқ бошлашди. Лекин Уокер вазиятлардан бирида тўп йўқотди, бундан Депай фойдаланиб қолиши мумкин эди - бу инглизларга огоҳлик қўнғироғи бўлди. Кейинги вазиятда Санчо бир неча метр масофадан зарба йўллади, тўп тўғри Силессанга қарата йўлланди.

Инглизлар рақиб дарвозасига босимни кучайиргандан кучайтиришди. Аниқроғи, бу рақибнинг ўйинни ташлаб қўйиши билан боғлиқ эди - нидерландлар тўпни назорат қилишни исташмади. Фақат майдонга Донни ван де Бек ва Куинси Промеснинг ташланиши жамоага тетиклик бағишлади. Ниҳоят, де Лигт биринчи бўлимдаги хатоларини ювди. 73-дақиқада, бурчак зарбаси ижро этилган вақтда у Стоунснинг таъқибидан қутулиб, Уокернинг боши устида баланд сакради ва тўпни дарвоза тўрига жойлади. Эътиборли томони, Англия дарвозасини нидерландиялик ҳимоячи ишғол этиши охирги марта 1993 йилда кузатилган, ўшанда жамоанинг ҳозирги мураббийи инглизларга гол урганди.

Ҳисоб тенглашгач, ўйинда бурилиш ясалди. «Аякс» сардорининг ўйини очилганини унинг ўз жарима майдонидаги ҳаракатларида ҳам кўриш мумкин эди. У Кейннинг кучли зарбасини танаси билан тўсиб қолиб, жамоасини қутқарди. Кейинги вазиятда эса ван де Бекнинг яқин масофадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Икки жамоа ҳам қўшимча бўлимларда югуришни истамасди. Жамоаларнинг ўтган йилги ўйинида ягона гол муаллифи бўлган Лингард бу ўйин тақдирини ҳам ҳал қилиши мумкин эди, аммо унинг голи офсайддан урилган деб топилиб, бекор қилинди. Бу вазиятда ҳакам видеотакрорни кўриб чиқиб қарор чиқарди.

Яна бир вазиятда эса VAR пенальти талаб қилган нидерландларга «йўқ» деди. 

Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг тўртинчисида Депай жуда қулай вазиятни кўкка совурди. Лекин у қўшимча бўлимлардаги қаҳрамонлардан бирига айланди - аввалига Стоунз болаларча қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни Депайга олдириб қўйди, Мемфиснинг қайтариб бўлмасдек кўринган зарбасини Пикфорд қайтарди, аммо Мемфисга Промес ёрдамга келди, қайтган тўп учун Промес билан кураш вақтида Уокер тўпни дарвозага йўллаб қўйди.

Бу автогол эди, аммо уни Квинси Промес номига ёзиш ҳам мумкин.

У аввалига Англияни нокдаун ҳолатига туширди, кейин нокаут қилди.

114-дақиқада Баркли орқага пас узатди, унинг дарвозабонга узатмаси жуда кучсиз чиқди ва тўпни Депай эгаллаб олиб, бўш дарвоза қаршисида турган Промесни голли пас билан таъминлади. Депай-Промес боғлами Нидерландияни финалга олиб чиқди.

Қолаверса, бу ғалабани «Аякс»нинг «Тоттенҳэм»га мағлубияти учун қасос дейиш ҳам мумкин.

Энди якшанба куни Нидерландия ва Португалия Миллатлар лигаси тарихига ким биринчи ғолиб сифатида киришини аниқлаб олишади. Англия эса учинчи ўрин учун баҳсда Швейцарияга қарши майдонга тушади.

Мавзуга оид